Kun.uz Ростовга сафар қилганидан хабарингиз бор. Сафар давомида кўплаб қизиқарли суҳбатдошларни учратдик. Улардан бирини ҳеч бир футбол мухлиси унутмаган бўлса керак. Шахсан мен Николай Ширшов номини эшитган барча мухлисларнинг юзида табассум югуришига шубҳа қилмайман. Бутун жамоани руҳлантириб туриши билан ёдда қолган Ширшов айни дамда Ростовда истиқомат қилади.
Николай Ширшов билан «Ростов» машғулотларини суратга олиб бўлгандан сўнг Олимп-2 стадиони олдида учрашдик. Бир кун аввал Элдор Шомуродовдан Ширшовнинг рақамини олиб у билан қаерда кўриша олишимиз мумкинлигини сўраганимизда, Коля ака «Ватанимдан келиб, мени қидириб юрасизларми, ўзим сизларни топиб бораман», деб жавоб берганди.
Стадион олдида кўришгач, Ширшов жуда яхши жисмоний ҳолатда эканини кўриб, унинг ҳамон футбол ўйнаётганини сездик. Камера қаршисида гаплашганга қадар мухлислар яхши эслайдиган собиқ футболчи билан анча нарсаларни эслашга улгурдик. Шу боис видеода айтилмаган гапларни сизларга сўзда етказамиз.
«Алматов йиғлаганди...»
Ширшов ўзи ўйнаган вақтдаги миллий жамоадаги футболчиларни эслар экан ўша вақтдаги футбол раҳбари бўлган Зокир Алматов ҳақида ҳам гапириб қолди. Собиқ ички ишлар вазири узоқ вақт ЎФФ раҳбари бўлганини эсласангиз керак. Ширшов Алматов ҳақидаги иккита хотираси билан ўртоқлашди: «Алматов футболни яхши кўрадиган одам эди. У қайсидир ўйиндан сўнг биз билан бирга йиғлаганди. Зокир ака менга битта антиквар совға қилган. Уни уйимда эҳтиётлаб қўйганман. Дарвоқе, энди менинг ҳам Ростовда уйим бор. Буни доим орзу қилардим. Хуллас Алматов совға қилган қилични жуда эҳтиётлайман, ҳатто хотинимга қўлини теккизгани қўймайман».
«Онам бу қишлоқда қандай яшайсан дейди»

Ширшовнинг айтишича, ҳар йил декабрда Тошкентга бориб, байрамни ўтказишга ҳаракат қилади: «Таътилни декабрда олишга ҳаракат қиламан, чунки декабрда Тошкентга боришга одатланганман. Онам Чилонзорда яшайди. Уни Ростовга олиб келганман, аммо негадир мен яшаётган ерлар унга маъқул келмаган. Бу қишлоқда қандай яшаяпсан, дейди онам менга. У Чилонзорда метрога яқин жойда яшайди, бозор яқин, шу учун унга Тошкентдан яхши шаҳар йўқ.
Мен ҳам Тошкентга борганимда бозорларга бориб тураман. Бир куни бозорчилардан бири мени таниб қолди ва барча сотиб олган нарсаларим учун пул олмаслигини айтди. Хижолат бўлдим очиғи, аммо мени ҳамон эслашларидан хурсанд ҳам бўлдим. Одамларимиз жуда ажойиб мен сизга айтсам».










