Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2021 йилда олиб борилган тизимли ишлар натижасида юқори кучланишли 19 та подстанция қуввати қўшимча 1 855 МВАга (мегавольт ампер) оширилди. Вазирлик хабарига кўра, 2022 йилда ҳам бу жараён изчил давом эттирилади.

Мамлакатимиз аҳолиси сонининг ошиб бориши, юртдошларимизнинг электр ускуна ва жиҳозларидан фойдаланиш кўламининг йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, шу билан бирга, республикамизда кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг имкониятлар берилаётгани, қатор инвестиция дастурлари ҳисобига йирик саноат корхоналари очилаётгани — электр энергияси истеъмоли кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Бу эса электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш тармоқлари изчил ривожланиб бориши, янги объектлар қурилиб, мавжудлари янгиланиб борилишини талаб қилади.

Ўзбекистон электр энергетика тармоғидаги юқори кучланишли — 110, 220 ва 500 киловольт магистрал электр узатиш тармоқлари узунлиги 2005 йилдан 2022 йилгача изчил ошиб борган. Таққослаш ва таҳлил учун шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2005–2016 йиллар давомида, яъни 11 йил давомида 898,8 км юқори кучланишли электр тармоқлари янгидан қурилган бўлса, 2017–2021 йилларда, яъни охирги 5 йил давомида узунлиги 1833,2 км бўлган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари фойдаланишга топширилган.

Худди шундай ўсиш динамикасини юқори кучланишли подстанциялар сони ошиб боришида ҳам кузатишимиз мумкин.

Ўзбекистон электр энергетика балансидаги 110, 220 ва 500 киловольт кучланишли подстанциялар сони 2005–2021 йиллар оралиғида 17 тага кўпайиб, электр таъминотининг ишончлилиги ошириб борилган. 2005–2016 йилларда, яъни 11 йил давомида 8 та подстанция қурилган бўлса, 2017–2021 йиллар давомида 8 та юқори кучланишли подстанция фойдаланишга топширилди. Республиканинг барча вилоятларидаги юқори кучланишли подстанцияларнинг қувват ўтказиш қобилияти бирмунча яхшиланди.

Аниқроқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, ўтган 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 125 МВА қўшимча қувват яратилган бўлса, Андижон вилоятида жами 200 МВА қўшимча қувват яратилди. Бухоро вилоятида электр таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қиладиган модернизация-реконструкция ишлари эвазига 128 МВА қувват яратилишига эришилди.