Ўзбекистон | 10:52 / 14.01.2022
5222
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон автобус қатновини тиклаш масаласини кўриб чиқмоқда

Тожикистон билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Жорий йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Транспорт вазирлигида халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича ўзбек-тожик қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари А.Мўминов ҳамда Тожикистон транспорт вазири ўринбосари Ш.Саидмуродзода раҳбарлигида бўлиб ўтган учрашувда мамлакатлар ўртасида халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳолати ҳақидаги ахборот билан бўлишди. Улар, шунингдек, бу соҳада имзоланган келишувларнинг амалга оширилиши қандай бораётганини муҳокама қилишди.

Йиғилишда томонлар коронавирус пандемияси сабаб бугунги кунда тўхтаб қолган автобус қатновларини қайта тиклаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, "Ўзбекистон – Тожикистон – Хитой" транспорт коридорини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус қатнови 26 йиллик танаффусдан сўнг 2018 йилнинг 15 май кунидан бошлаб тикланди. Аммо 2020 йил 16 мартдан коронавирус пандемияси сабабли автомобиль қатнови чекланди, 1 сентябрдан бошлаб эса чекловлар босқичма-босқич олиб ташлана бошланди.

Мавзуга оид