12:50 / 14.01.2022
20855

“Қуролли кучларимиз давлатимизни ҳимоя қилишга қодир” – Тошкент ҳарбий округи

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент ҳарбий округидаги десантчилар ва артиллериячилар ҳарбий қисмларига пресс-тур ташкил қилиниб, Ўзбекистон армияси томонидан фойдаланилаётган ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар намойиш этилди.

Кеча, 13 январь куни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ОАВ вакиллари ва блогерлар учун Тошкент ҳарбий округида жойлашган ҳарбий қисмларга пресс-тур ташкил этилди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ҳарбий округдаги десантчилар ва артиллериячилар ҳарбий қисмларида Ўзбекистон армияси томонидан фойдаланилаётган ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар намойиш қилинди. Шунингдек, мутахассислар ҳарбий аслаҳаларнинг техник хусусиятлари билан таништирди.

Бундан ташқари, ҳарбийлар назарий билим олишлари учун тайёрланган ўқув-машғулот ва синф хоналари, тиббий тайёргарлик бўйича марказлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Шунингдек, пресс-тур давомида артиллериячилар томонидан эстафета, десантчилар томонидан махсус тренажёрларда парашют билан сакраш машқлари ҳамда қўл жанги томошалари кўрсатилди.

Алишер Аъзамов / Фото: Kun.uz

“Бугун ОАВ вакиллари ва блогерлар учун “очиқ эшиклар куни” ташкил қилиниб, барча қурол аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг кўргазмали намойиши бўлиб ўтмоқда. Мақсадимиз – ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва армияга муҳаббатини ошириш. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз барча турдаги замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланган бўлиб, Ўзбекистонни мустаҳкам ҳимоя қилишга қодирдир. Барча ўзбекистонликларни ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман,” – дейди подполковник Алишер Аъзамов.

Top