«Туни билан ҳеч ким ухламади»
Телелойиҳада Шавкат Мирзиёевнинг 26 январ кунги йиғилишда 25 январда кузатилган электр узилиши борасидаги гаплари ҳам кўрсатилди. Президент ўша тунни бедор ўтказганини айтиб берди: «Аввало ОАВдан одамларни огоҳлантиришни сўрадим, чунки халқ саросимага тушиб қолиши мумкин эди. Метродан қанча одам чиқарилди, тоғдан неча киши олиб чиқилди, нечта светофор ишлаяпти, қаерда «ГАИ» турибди, телефон нима бўлди – булар ҳақида ҳар дақиқа хабар бердик. Ҳаммани «бақиртирдим», бақиринглар, дедим. Ҳеч ким ухлагани йўқ кечаси, бирорта одамни йўқотмайлик деб ҳаракат қилдик.
Бу жуда катта офат бўлди, шунчаки ҳисоблагични очиб тузатадиган авария эмас. Ҳамма нарсани ўчиришимизга тўғри келди. Мен станция ёниб кетишидан қўрқдим. Сирдарёдаги станция ёниб кетган, 1982 ёки 1983 йил эди. Мана шундай авария бўлган, олтита станциянинг ҳаммаси ёниб кетган. Шу сабаб бош вазир билан доимий алоқада бўлдим, бир кунда қанча сочимиз оқарди...», деди президент.
«Сен ҳам эплолмасанг, вазирликни ёпиш керак»
Шавкат Мирзиёев фаолиятини бошлаганидан буён мамлакатдаги асосий муаммолардан бири кадр топиш эканини айтиб келади. Президент ҳукумат вакиллари билан навбатдаги учрашувда бу ҳақда яна гапириб, соғлиқни сақлаш вазирига ҳам огоҳлантириш, ҳам ишонч ифодаси оҳангида мурожаат қилди: «Олдинги вазир мамлакатдаги врачларни танимасди, фақат Тошкентдагиларни биларди. Сен бундай бўлма, ҳамма врачларни тани, ҳатто ҚВПдагиларни ҳам. Сен ҳам эплолмасанг, бу вазирликни ёпиш керак», деди президент янги соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга қарата.
«Халқимиз бизга яна беш йиллик ишонч билдирди, уни оқлашимиз керак»
Президент ҳукумат аъзоларига юзланар экан ўзбек халқининг юксак ишончини оқлаш кераклиги ҳақида гапирди: «Халқимиз бизга яна беш йилга ишонч билдирди. Бу ишончни оқлаш учун икки ҳисса кўп ишлаш керак», деди президент.
«Тадбиркор Ўзбекистонда ишлаб кетган бошқа тадбиркордан сўрайди»
Ўзбекистон иқтисодиётига кейинги 5 йилда 120 миллиард доллар пул, шундан 70 миллиард доллар инвестиция кириб келиши кутилмоқда. Шавкат Мирзиёев мамлакатда қулай инвестицион муҳит шаклланиши учун ҳокимларнинг ўрни катталигини айтди: «Ҳар бир туман, шаҳар ҳокими тадбиркорлар билан гаплашиб, 3-4 миллион доллар инвестиция олиб келмаса, нима қилиб юрибди ҳоким бўлиб?», деди президент.
















