Ўзбекистон | 11:39 / 04.02.2022
31515
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари аномал илиқ ҳаво кескин совуқ билан алмашади - «Ўзгидромет»

Бугун Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони кўп йиллик қийматлардан 5-7 даражага юқори бўлади. Бугун кундуз куни ҳаво ҳарорати 12-14 даража илиққача, баъзи жойларда 16-18 даража илиққача кўтарилади.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, эртага илиқ ҳаво массасининг кириб келиши кучаяди, кундуз кунги ҳарорат 14-17 даража илиққача, баъзи жойларда 20-22 даража иссиққача кўтарилади, кечаси совуқ сақланиб туради. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг шимолий ҳудудларига Волгабўйи ҳудудларидан нам ҳаво массаси кириб келиши прогноз қилинмоқда. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади.

Якшанба куни совуқ ҳаво кириб келиши мамлакатининг барча ҳудудларини қамраб олади, об-ҳаво кескин ёмонлашади. Мамлакат бўйича ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, ҳарорат кундуз куни 4-9 даража илиққача, шимолда 0-5 даража илиққача пасаяди.

4-6 февралда республика бўйича баъзи жойларда шамол кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда чанг тўзон кузатилади, жумладан 4 февралда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Навоий, Тошкент вилоятларида 18-23 м/с гача, 5-6 февралда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 18-23 м/с гача, Навоий, Тошкент, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида эса 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.

Якшанба куни тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Тоғли автомобиль йўлларда қор уюмлари ва кўриниш ёмонлашиши кутилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид