2013 йил 28 ноябрда Литва пойтахти Вильнюсда Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро интеграция ҳақидаги келишув имзоланиши керак эди. Украина президенти Виктор Янукович барчани ажаблантирган ҳолда ўша шартномани имзоламади. Бу эса Европа Иттифоқига визасиз киришни умид қилиб юрган украиналикларнинг сабр косасини тўлдирди.

Шу тариқа «Майдан» воқеалари бошланиб кетди, Янукович Россияга қочди. Киевдаги марказий майдонни намойишчилар тўлдирди ва улар Европа Иттифоқи билан интеграция келишуви имзолаш лозимлигини талаб қила бошлади. Украина Россияга орқа ўгирди ва бу давлат тепасига Европа Иттифоқи билан яқин муносабатлар ўрнатишни ваъда қилган одамлар келишди.

Украинада намойишлар, 2014 йил

Россия эса Украина ўз таъсир доирасидан чиқиб кетаётганини ҳазм қила олмай, мамлакат шарқида яшовчи русларни қуроллантирди. Камига у ерга кўп сонли ҳарбийларини жўнатди. Оқибатда қуролли можаро юзага келди.

Ҳодисалар давомида Қрим Россияга қўшиб олинди. Украина ва Ғарб олами буни босқин деб ҳисоблади. Украина шарқидаги Донецк ва Луганск областларининг бир қисми Россия таъсир доирасига ўтиб, Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси номлари билан ўзини мустақил деб эълон қилди. Ўшандан буён икки давлат ўртасидаги кескинлик давом этяпти ва ҳануз уруш хавфи сақланиб турибди.

Агар руслар ва украинлар ўртасидаги кескинлик тарихига назар ташланса, ўрта асрларда улар ўртасида жиддий келишмовчилик бўлмаган. Украинлар учун поляк панлари ёки Усмонийлар империяси қўл остида яшашдан кўра ўзларига яқин руслар паноҳида яшаш афзалроқ бўлган бўлиши мумкин.

Ўрта асрлардан 1991 йил СССР тарқаб кетгунгача украинлар руслар мустамлакаси бўлган, Чор Россияси ва советларга қарши чиқа олмаган. Бошқа томондан, украинларга яқин қариндошлари бўлган русларга қарши чиқишнинг кераги ҳам бўлмаган.

1939 йилдан муносабатлар ўзгара бошлаган. Ўшанда Ҳитлер Германияси билан иттифоқчилик шартномасини имзолаган СССР ҳарбийлари фашистлар билан бирга Польша, Чехословакия каби Шарқий Европада жойлашган давлатларга бостириб киради. Молотов – Риббентроп пактига кўра юқоридаги давлатлар ҳудудининг маълум бир қисми СССР таркибига ўтади.

Ғарбий Украина ва Бандера

1939–40 йилларда СССР Ғарбий Украинанинг бир қисмини Чехословакиядан, яна бир қисмини Польша, Руминия ва Венгриядан тортиб олар экан, энг аввало ўша ҳудудларда тозалаш ишларини олиб боради. 1928–32 йилларда СССРда амалга оширилган коллективлаштириш ишлари Ғарбий Украинада ҳам бошланади. Советлар энг аввал бойларнинг мол-мулкини тортиб олади. Сўнг колхозлар ташкил этилиб, ўртаҳоллардан чорваларини давлатга топшириш талаб қилинади. Асрлар давомида Европа халқлари билан социалистлар «капитализм» деб атаган нормал жамиятда яшаган ғарбдаги украинларга советларнинг бу сиёсати тўғри келмайди.