The Guardian нашри Ғарб расмийларига таяниб хабар беришича, Россия Украинадаги урушда ҳар ойда армия сафига жалб қилаётганидан бир неча минг нафар кўпроқ ҳарбийни йўқотмоқда.

Маълумотларга кўра, Россия ҳукумати ҳозирда кунига ўртача 1000 нафар янги ҳарбийни жалб қилмоқда. Бироқ сўнгги икки ой давомида ҳатто бундай суръат ҳам фронтда ҳалок бўлган ва яраланган ҳарбийлар ўрнини тўлиқ қоплаш учун етарли бўлмаган.

«Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, Россиянинг жанглар натижасида йўқотаётган ҳарбийлари билан жалб қилишга муваффақ бўлаётган одамлари ўртасидаги фарқ ҳозирда ойига тахминан 6 минг нафарни ташкил этмоқда», — деган нашр билан суҳбатлашган Ғарб расмийларидан бири.

Манбага кўра, Россиянинг янги ҳарбийларни жалб қилиш ҳисобига фронтдаги катта йўқотишларни қоплаш имконияти чекланган. Ғарб расмийлари бу ҳолатни Москва сўнгги вақтларда Украина инфратузилмасига ҳаво зарбаларини кучайтирганини изоҳловчи омиллардан бири сифатида кўрмоқда.

The Guardian келтирган маълумотларга кўра, июль ойи бошидан буён Россия армияси Украинага 360 дан ортиқ ракета учирган. Нашр бу жараёнда Киевнинг баллистик ракеталарга қарши мудофаа воситалари етишмаслиги ҳам муҳим омил бўлаётганини қайд этган.

Ғарб расмийларидан бирининг фикрича, Россия қиш мавсумида Украина энергетика инфратузилмасига зарбалар бериш орқали мамлакат аҳолиси ва жамиятининг руҳий барқарорлигига босим ўтказишга уриниши мумкин.

Янги сафарбарлик Россия учун хавф туғдириши мумкин

Шу билан бирга, Ғарб расмийлари Россияда янги кенг кўламли сафарбарлик эълон қилиниши эҳтимоли сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан жиддий таваккалчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидламоқда.

Бунда 2022 йил кузида Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин мамлакатни кўплаб фуқаролар тарк этгани эслатилган. The Guardian келтирган баҳога кўра, ўша даврда Россиядан қарийб бир миллион киши чиқиб кетган ва улар орасида юқори малакали мутахассислар ҳам кўп бўлган.

Бундан ташқари, янги сафарбарлик эълон қилинган тақдирда Россия армияси бир неча юз минг нафар янги ҳарбийни қисқа вақт ичида қабул қилиш, тайёрлаш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш имкониятига эгами, деган савол ҳам очиқ қолмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, бу борада ҳарбий техника ва офицерлар етишмаслиги асосий муаммолардан бири бўлиши мумкин. Катта миқдордаги сафарбар қилинганларни армия таркибига қўшиш учун уларни ўқитиш, бошқарув тизимига интеграция қилиш, қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш талаб этилади.