29 августга ўтар кечаси Киев вилоятининг Буча туманидаги омборларда Россия зарбаси ва ундан кейин ўқ-дориларнинг портлаши (детонацияси) оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Киев вилояти маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко маълум қилди.

BBC нашрининг ёзишича, яна камида 42 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган, жабрланганлар орасида тўрт нафар бола бор. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти – 34 киши қариялар пансионатида бўлган.

2026-08-29 18.26.46
Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский бундай вазиятларга йўл қўйиб бўлмаслигини билдириб, юз берган воқеани «портловчи моддаларни тўғридан тўғри одамларнинг ёнида сақлаганларнинг даҳшатли эътиборсизлиги» деб атади.

«[Россия ҳужуми пайтида] биринчи зарба у ерда мутлақо бўлмаслиги керак бўлган ўқ-дорилар сақланадиган жойга – мудофаа кучларининг захираларига тўғри келди. Снарядлар, миналар, бошқа ўқ-дорилар ва дронларнинг портлаши юз берди. Миқёс жуда катта», дейилади Зеленскийнинг баёнотида.

2026-08-29 18.41.31
Фото: AP

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, кечаги ҳужумда россияликлар Украина бўйлаб кемага қарши «Оникс» ракетаси, «Искандер-М» баллистик ракетаси, шунингдек, 267 та зарбдор дрон учирган. 29 август куни тушга қадар ҳам «Shahed» дронлари Киев вилоятига ҳужум қилишда давом этган.

«Жиноий бепарволик»

Украина расмийларининг маълумотларига кўра, шанбага ўтар кечаси Буча туманининг Милая қишлоғидаги корхоналардан бирида Россия ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида кўплаб портлашлар содир бўлиб, кучли ёнғин бошланган. Фавқулодда вазият зонасидан 400 га яқин одам эвакуация қилинган. Портлашлар сабабли Житомир трассасининг 15-километридан 32-километригача бўлган қисмида ҳаракат бутунлай тўхтатилган.

2026-08-29 18.41.37
Фото: Reuters