«Натижа бўлмаса, ўзим кетаман» — Ислом Исмоилов «Нефтчи», футболдаги пуллар, Роналду ва Каннаваро ҳақида
|19:102 82811 мин
Шунингдек, у Криштиану Роналду билан нега суратга тушмагани, Фабио Каннаваро фаолиятига муносабати, хорижда ишлаш режалари ва ҳаётидаги энг оғир йўқотиш ҳақида ҳам гапирди.
Исломбек Исмоилов 33 ёшида мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Нефтчи» устозига айланган. Бу тайинлов кўпчиликда қатор саволлар туғдирганди: у клубдаги катта номга эга футболчилар билан тил топиша оладими? Жамоанинг ўйин услубини ўзгартира оладими? Мутахассис Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб қайтарди.
33 ёшида «Нефтчи»га бош мураббий бўлгани ҳақида
Клубга келаётганда қўрқув йўқ эди. Агар қўрққанимда, бу йўлга кирмаган бўлардим. Тўғри, бироз иккиланиш бўлган. Чунки ёшлар терма жамоасидан тўғридан тўғри катта мақсадлари бор клубга ўтдим.
Лекин доим ўзимга ишонганман. Атрофимдаги инсонлар тўғри маслаҳат беришган. Фарғона вилояти ҳокими [Хайрулло Бозоров] ҳам суҳбатларимиз давомида қўллаб-қувватлашини билдирган, менга катта ишонч билдирган. Бу ҳам қўшимча куч берган.
Водий клубларидан нега айнан «Нефтчи»ни танлагани ҳақида
Бу ёшимда учта катта мақсадли клубнинг («Нефтчи», «Навбаҳор», «Андижон») таклиф билдириши мен учун жуда қувонарли ҳолат бўлган. Уларнинг барчасидан миннатдорман.
«Нефтчи»ни танлашимнинг асосий сабаби — ўзим фарғоналикман. Ёшлигимиздан шу жамоага мухлислик қилганмиз. Отам «Нефтчи»да ўйнаган, шу ерда ишлаган. Оиламиз ҳаёти ҳам маълум маънода шу клуб билан боғлиқ бўлган.
Бу бошқа жамоаларга ҳурматсизлик эмас. Мен ўзим туғилиб ўсган жойни, «Нефтчи»ни яхши кўраман. Бошқа жамоани танлашим ўзимга нисбатан адолатсизлик бўларди.
Клубда қандай қабул қилишгани ҳақида
Албатта, бу футболчилар ёшлар терма жамоасидагилардан фарқ қилади. Ўзбекистоннинг энг етук, ўз номига эга, хорижда ва юқори даражадаги жамоаларда ўйнаган футболчилари бор.
Уларнинг ҳолатини ҳам тушунганман. Улар учун ҳам бу осон вазият бўлмаган. Лекин мен ўз билимим, меҳнатим ва ҳаракатим билан уларнинг кўнглига йўл топа олишимга ишонганман.
Бошида осон бўлмади. Кейинчалик футболчилар нима хоҳлаётганимни тушуна бошлашди. Муносабатларимиз яхшиланди. Мана, тўққиз-ўн ой бўлаётган бўлса, бирорта футболчи билан жиддий конфликт юз бермади.
Мавзуга оид
Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бош мураббийи Ислом Исмоилов Kun.uz’га берган интервюсида жамоасидаги ўзгаришлар, ҳужумкор футболга ўтиш қийинчиликлари, давлатнинг футбол клубларини молиялаштириши ва ёш футболчилар менталитети ҳақида фикрлари билан бўлишди.
Албатта, иш жараёнида кичик келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Лекин муносабатларга таъсир қиладиган ҳолат кузатилмади.
Мен профессионал футболчилар билан гаплашишдан олдин ҳар бир фикримни кўп таҳлил қиламан. Чунки улар 17 ёшли болалар эмас. Уларга етказаётган ҳар битта маълумотим аниқ фактларга асосланган бўлиши керак. Гапимнинг кучи ва амалда исботи бўлиши муҳим.
Ҳужумкор футбол ҳақида
Биринчи навбатда, вилоят ҳокими ҳужумкор футболни илгари сурди. «Фарғонага ҳужумкор футбол ярашади», дедилар.
Тўғри, жамоа уч йил давомида кўпроқ ҳимоявий футбол ўйнади ва чемпионликни қўлга киритди. Лекин футбол босқичма-босқич ривожланади. Энди ҳужумкор футбол кўрсатишга тайёр эканимизга ишонч билдирилди.
Бунинг учун футболчиларга нима хоҳлаётганингизни тушунтира олишингиз керак. Улар буни майдонда бажариши, кейин бу ёндашувнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
Бошида жуда қийин бўлди. Уч йил ҳимоявий футбол ўйнаган жамоани бирданига ҳужумкор жамоага айлантириш катта таваккалчилик ва меҳнат талаб қилади.
Дастлаб ўртоқлик учрашувларида ўйинимиз ўхшамади. Футболчилар ҳам қийналаётганини айтишди. Лекин вақт ўтиб, бу услубнинг афзалликларини тушунишди.
Уларнинг ўзлари ҳам ҳимояда ўйнаш катта руҳий босим эканини таъкидлашарди. Доим хавфни сезиб ўйнайсиз, тўпсиз ҳаракат қиласиз, кўп куч йўқотасиз.
Ҳозир эса олдинда ўйнаяпмиз, кўплаб голлар уряпмиз. Футболчиларнинг ўзига ҳам бу ёқяпти. Шунинг учун жараён осонлашди.
Албатта, майдонда бу ғояни амалга оширадиган футболчилар. Уларга бунинг учун раҳмат айтаман.
Ўзбек футболи ва замонавий ёндашувлар ҳақида
Биз футболимиздан жуда кўп нарса хоҳлаймиз. Европа футболи даражасига чиқишни, футболчиларимиз Англия Премер-лигасида ўйнашини истаймиз.
Лекин ўзимиз-чи? Биз ишлаётган соҳалар Европа даражасидами? Нима учун айнан футболдан энг юқори даражани талаб қиламиз-у, ўзимиз фаолият юритаётган бошқа соҳаларда шундай талабни қўймаймиз?
Футбол миллионлар ўйини эканини тушунаман. Ҳатто «Реал» ёки Бразилия терма жамоасига қарши ўйнасангиз ҳам, ғалаба қозонишни хоҳлайсиз. Бу табиий.
Лекин футболга муносабатимизни ҳам ривожлантиришимиз керак. Бизда кўп мухлислар ўйинни ҳиссиёт билан кўради, унинг моҳиятини таҳлил қилмайди.
Европада эса жуда кўп мухлислар ўйиндан олдин ҳам, кейин ҳам йиғилиб, футболни муҳокама қилади. Улар футболни таҳлил билан яшайди.
Қайси бири тўғри, дейиш қийин. Чунки футбол инсонларга ҳиссиёт бериш учун ҳам ўйналади. Лекин уни таҳлил қилиб кўрсангиз, ўйиндан оладиган билимингиз ва тушунчангиз кўпроқ бўлади.
«Пахтакор» устидан Суперкубокдаги ғалаба ҳақида
Ўша пайтда елкамда катта масъулият бор эди. Ҳамма натижа кутган. Жамоани қабул қилганимга атиги уч ой бўлганди.
Ўзим учун ҳам қизиқ эди: уч ойда жамоани қанчалик ўзгартира оламан, қандай натижа кўрсатамиз?
«Пахтакор» ҳам Ўзбекистоннинг энг кучли клубларидан бири. Уч ойлик меҳнат, кутилмалар, масъулият — барчаси ғалабадан кейин ҳиссиёт бўлиб ташқарига чиқди.
Бундан ташқари, бу клуб даражасидаги биринчи совриним эди.
«Насаф» учралган 6:2 ҳисобидаги мағлубият ҳақида
«Насаф»га қарши ўйиндан олдин кубок баҳсида «Пахтакор»ни ўз майдонида мағлуб этдик. Ўша учрашувда жуда кўп ҳиссиёт сарфладик.
Футболда энг қийин тикланадиган нарса — эмотсиялар. Жисмоний жиҳатдан оғир юкламадан кейин 72 соатда тикланиш мумкин. Лекин руҳий тикланиш бошқа масала.
Бизда шу томондан муаммо бор эди. Майдонда бу ўз таъсирини кўрсатди. Оддий вазиятларда гол ўтказиб юбордик. Голларнинг асосий қисми стандарт вазиятлардан бўлди.
Бу йил биз учун икки оғриқли мағлубият бўлди: «Бухоро» ва «Насаф» билан ўйинлар.
«Насаф»га қарши биринчи бўлим 4:1 ҳисобида якунланди. Бундай ҳисоб исталган жамоанинг руҳиятини тушириб юборади. Ҳар қандай жамоанинг бошига шундай қора кун тушиши мумкин. Афсуски, ўша куни бу биз билан содир бўлди.
Ҳужумкор футболнинг бадали ҳақида
Ҳужумкор ўйнайман десангиз, бундай вазиятларга ҳам тайёр туришингиз керак. Балки ўша куни беш ҳимоячи билан ўйнаганимизда бу хатолар бўлмасди. Балки ўшанда ҳам шунча гол ўтказиб юборардик.
Буни олдиндан ҳеч ким билмайди. Ҳар бир воқеанинг сабаби бўлади. Лекин мен буни ўша кунги тақдиримиз деб қабул қилдим.
Роналду ва у билан суратга тушмагани ҳақида
Имконият бор эди. Суратга тушсам бўларди. Шунчаки хоҳламадим. Танқидлардан қўрққаним йўқ. Агар шундай бўлганида, суратга тушиб, бир йилдан кейин ҳам эълон қилишим мумкин эди. Лекин хоҳламадим. Аслида ёшлигимда мен ҳам Роналдуга мухлислик қилганман. У бекорга дунёнинг энг катта футбол юлдузларидан бири эмас. 41 ёшида ҳам шу даражада ўйнаётганини тан олиш керак.
Мен Мессини ҳам, Роналдуни ҳам инсон ва футболчи сифатида ҳурмат қиламан. Иккаласининг ҳам босиб ўтган йўли, ўйин услуби ҳурматга лойиқ.
Роналдунинг салобати, ўзини тутиши, жамоага таъсири катта. У майдонда аввалгидек кўп югурмаслиги мумкин. Лекин унинг борлиги «Ан-Наср» учун катта куч. У футболчиларни қўллаб-қувватлайди, жамоани бирлаштира олади.
Хорижда ишлаш ҳақида
Катта мақсадларим бор. Лекин ҳозир бор эътиборим «Нефтчи»да. Чемпионлик учун курашишимиз керак. Келажакда вақти-соати келса, насиб қилса, хорижда ҳам ўзимни синаб кўришни истайман.
Ҳозир «Нефтчи»да мен учун ҳамма нарса қулай. Оиламга, уйимга яқинман. Ҳамма ҳурмат қилади. Хотиржам ишлаяпман.
Лекин мен доим ўзимни қийин вазиятларга қўйишга ҳаракат қилганман. Узоқ вақт комфорт зонада қолиб кетишни хоҳламайман. Қийинчиликларни енгишдан завқ оламан.
Вилоят ҳокими ҳақида
Жамоага исталган мураббий — Гвардиола, Моуринио келса ҳам агар у моддий қўллаб-қувватланмаса, унда натижа бўлиши жуда қийин. Бу йўлда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров клубни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Шунга мос равишда жамоа ҳам, футболчилар ҳам, мураббийлар штаби ҳам яхши натижа кўрсатмоқда. Бу бир-бирига боғлиқ жиҳатлар. Моддий қўллаб-қувватлаш яхши бўлиб, мураббийлар штаби ёки футболчилар яхши бўлмаса, натижа яхши бўлмаслиги мумкин.
Давлат футболни молиялаштириши ҳақида
Агар биз клубларимизнинг Европадаги каби молиялаштирилишини хоҳласак, унда қолган нарсалар ҳам уларникидек бўлиши лозим: мухлислар ташрифи ҳам, ўйинларга чипталар нархи ҳам. Европа клублари жуда кўп маблағни маркетинг томондан рекламалар орқали топади. Бизда эса рекламадан пул топадиган клублар жуда кам. Агар бизда ҳам клубларда мана шу жиҳатлар бўла туриб, у давлатдан молиялаштиришни кутганда бу — абсурд бўларди. Аммо юқорида айтган нарсаларимиз бўлмай туриб, клублар ўзини ўзи молиялаштирсин дейиш — реалликка тўғри келмайди. Ҳозир футболга давлатнинг ёрдами керак. Агар доимий жаҳон чемпионатига чиқмоқчи бўлсак, Осиёда ўз ўрнимизни кўрсатмоқчи бўлса, албатта, давлатнинг ёрдами керак.
Ўзбек футболидаги ҳакамлик ҳақида
Мен бир марта ҳакамлик ҳақида гапирганман. Энди фикр билдирмайман.
Футболчилар менталитети ҳақида
Катта ёшли футболчилар қийин даврларни кўрган. Уларнинг даврида ҳозиргидек имкониятлар, шароитлар бўлмаган. Ҳозирги ёш футболчиларда дунёқараш ҳам ўзгармоқда. Улар кўпроқ маълумот оляпти. Бу эса уларнинг муомаласига ҳам таъсир қиляпти. Очиғини айтаман: ҳозирги ёш футболчилар аввалги авлод вакилларига нисбатан камроқ меҳнат қилади. Бу биз кўраётган жиҳатлар. Аммо уларнинг кутилмалари катта.
Ёш футболчиларга тавсиялар
Биринчи навбатда манманликдан воз кечиш лозим. Шунингдек, ўзининг комфорт зонасидан чиқиши керак ва албатта кўпроқ меҳнат қилиши шарт.
Фабио Каннаваро ҳақида
Каннаваро ҳақида менда ҳозир ижобий ҳам, салбий ҳам таассурот йўқ. Мураббийга натижа кўрсатганда баҳо берилади.