Ҳаётда ҳар бир одамнинг ўз ҳикояси бор. Ҳамма ҳам кимлиги, қаерда туғилгани, бугунги кунга етиб келгунча нималарни бошдан ўтказгани ҳақида истаганча айтиб бериш мумкин. Лекин баъзиларнинг ҳикоялари бошқаларникидан ҳам қизиқроқ бўлади ва ажралиб туради. Қуйида шундай инсонлардан бирининг қизиқарли ҳаёт йўли ҳақида.

Тете Мишель Кпомасси – эскимослар яшайдиган Гренландиядек совуқ ўлкага саёҳат қилган биринчи африкалик одам.

Тете Мишель Кпомасси

Гренландия – дунёнинг энг совуқ ўлкаларидан бири ва одатда, бу ерда ҳарорат минусдан паст бўлади.

Гренландия
Фото: Getty Images

Тетенинг ватани бўлмиш Тогода эса ҳаво – бунинг тескариси, доимий иссиқ.

«Африкадан қочиш»

Кпомасси 1941 йилда Тогода туғилган ва бор-йўғи 6 йиллик мактаб таълимини кўрган, холос. Унинг отаси улар яшайдиган анъанавий жамиятга тегишли қишлоқдаги таниқли шахслардан бири, унинг 26 нафар фарзанди бор эди.

Кпомасси ёшлигида ёнғоқ дарахтига чиқиб, заҳарли илондан қаттиқ қўрқиб йиқилиб тушади. Қўрқувдан кейин пайдо бўлган боладаги ҳолатдан халос қилиш учун отаси уни илонларга боғлиқ эътиқодга сиғинувчи маҳаллий руҳонийга олиб боради. Болани даволаган руҳоний Кпомасси 7 йил жунглида илонлар орасида яшаши кераклигини шарт қилиб қўяди.

Тузалган ва жунглига, илонлар орасига юборилишини кутиб хавотирда юрган бола Роберт Гессиан ёзган «Гренландиядан Аляскагача бўлган ҳудудлардаги эскимослар» китобини ўқиб қолади. Китобдан Гренландияда илонлар ҳам, улар яшириниши мумкин бўлган дарахтлар ҳам йўқлигини билиб олади ва бу ўлкага муҳаббат қўяди. Шундан сўнг у ўз уйидан қочиб кетади, хаёлини эса қандай қилиб Гренландияга етиб олиш мумкинлиги ҳақидаги ғоя банд қилганди.

12 йиллик саёҳати давомида Кпомасси Африка ғарбидан Европагача бўлган йўлларни босиб ўтади ва ниҳоят, 1960-йиллар ўрталарида Гренландияга борадиган кемани топади. Шундай қилиб, Кпомасси шимолдаги совуқ ўлкага келган илк африкалик бўлади. Ўшанда у 24 ёшда эди.