Гренландиядаги йирик музликларнинг қисқариши янги сунъий йўлдош тасвирларида яққол кўринди. Хусусан, оролнинг шимоли-ғарбида жойлашган Петерманн музлигининг океан устида сузиб турган улкан қисми парчаланган.

Петерманн музлиги Гренландия муз қалқонини Шимолий Муз океани билан боғлаб туради. Унинг денгиз устида сузиб турган ва «муз тили» деб аталадиган қисми аввал тахминан 70 километр узунлик ва 15 километр кенгликка эга бўлган.

Petermann_ice_tongue_April_August_2026_article

© ESA

Бироқ 2026 йил август ойида Европа Copernicus дастурининг Sentinel-1 сунъий йўлдоши томонидан олинган янги тасвирлар музликнинг ушбу қисмида жиддий парчаланиш юз берганини кўрсатди.

Кузатувларга кўра, Петерманн музлигининг «муз тили»дан майдони қарийб 76 квадрат километр бўлган муз бўлаги ажралиб кетган.

Бу Петерманн музлигида 2012 йилдан бери қайд этилган сузувчи музнинг энг йирик йўқотилиши ҳисобланади. Шунингдек, манбада бу 2020 йилдан буён Арктикада кузатилган энг йирик муз ажралиши экани қайд этилган.

Ўзгаришлар космосдан кузатилмоқда

Олимлар Гренландия ва Арктикадаги музликларда содир бўлаётган ўзгаришларни сунъий йўлдошлар ёрдамида мунтазам кузатиб бормоқда.

Европа космик агентлиги — ESA олими Мартин Уэрингнинг таъкидлашича, Sentinel-1 сингари сунъий йўлдош миссиялари музликлардаги ўзгаришларни узоқ муддат давомида тизимли равишда кузатиш имконини беради.

Унинг сўзларига кўра, бундай маълумотлар олимларга музнинг ажралиб кетишига олиб келадиган жараёнларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Шу билан бирга, ушбу жараёнларнинг қутб ҳудудлари ва умуман Ер иқлим тизимига таъсирини ўрганиш имконини яратади.

Sentinel-1 радиолокацион кузатув олиб боргани сабабли қутб ҳудудларини булутли об-ҳавода ва қоронғу шароитда ҳам кузатиш имконини беради. Бу эса Арктика каби шароит тез ўзгарадиган ҳудудларда музликларни мунтазам назорат қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.