DW хабарига кўра, Дания Ташқи ишлар вазирлиги Гренландия бўйича уч томонлама келишувнинг тўлиқ матнини ўз сайтида эълон қилди.

Ҳужжат 22 сентябр куни Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Дания, унинг автоном ҳудуди бўлган Гренландия ҳамда АҚШ ҳукуматлари томонидан имзоланган.

АҚШнинг ҳарбий фаолияти кенгайтирилади

Келишувда томонлар НАТОнинг Арктикадаги фаоллигини оширишни қўллаб-қувватлаши қайд этилган. Бу ҳарбий режалаштириш, минтақадаги иштирокни кенгайтириш, машғулотлар ўтказиш ва разведка маълумотларини биргаликда тўплашни қамраб олади.

Ҳужжатга мувофиқ, АҚШга Гренландиядаги Питуффик аэрокосмик ҳарбий базасини модернизация қилиш ва унинг фаолиятини кенгайтиришга рухсат берилади.

Шунингдек, Нарсарссуак аҳоли пункти ва Местерсвиг ҳарбий таянч пунктида қўшимча «мудофаа ҳудудлари» ташкил этилиши мумкин. Бу ишлар томонлар келишган шартлар ва техник тафсилотлар асосида амалга оширилади.

Келишув АҚШга оролда қўшимча мудофаа ҳудудларини ташкил этиш, ҳарбий операцияларини кучайтириш ёки ҳарбий объектларини мустаҳкамлаш имконини ҳам беради.

Томонларнинг ҳар бири Шимолий Атлантика шартномаси қамраб олган ҳудуд, Гренландия ва Америка қитъасини ҳимоя қилиш учун янги мудофаа ҳудуди зарурлигини билдириши мумкин.

Самолётлар ва кемалар ҳаракатига оид қоидалар

Ҳужжатга кўра, Америка самолётлари Гренландиянинг бутун ҳудуди, жумладан, ҳудудий сувлари устидан учиб ўтиши ва у ерга қўниши мумкин.

АҚШ давлат кемаларига эса Гренландия ҳудудий сувларига сув остида кириш ва улар доирасида ҳаракатланиш ҳуқуқи берилади. Бунда фақат келишув томонлари ўзаро белгилаган чекловлар қўлланади.

Шу билан бирга, томонлар Гренландияда жосусликка қарши курашиш бўйича ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олган.

Келишув муддатсиз амал қилади

Гренландия бўйича келишувнинг амал қилиш муддати чекланмаган. Уни фақат томонларнинг ўзаро розилиги билан, 1951 йилги Мудофаа тўғрисидаги келишувнинг XIII моддасига мувофиқ ўзгартириш мумкин.