Ўзбекистон | 10:08 / 20.02.2022
34043
6 дақиқада ўқилади

«Менимча»нинг навбатдаги сонида: ташқи қарзга изоҳ, «Андижонга ўхшаб бораётган» Тошкент, ташаббуссиз ҳокимлар

«O’zbekiston 24» телеканалида Шавкат Мирзиёев ҳафталик фаолиятига бағишланган «Менимча» кўрсатувининг навбатдаги сони эфирга узатилди. Унда президент ҳафта давомида иштирок этган йиғилишлардан кадрлар кўрсатилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Одамларнинг пули «автопром»да айланиб ётмаслиги керак

Кўрсатув бошида ўтган ҳафтада кенг муҳокама қилинган йиғилишдан видеолар кўрсатилди. Президент охирги вақтларда Ўзбекистонда автомобил саноатидан одамлар рози эмаслиги ҳақида кўп гапирмоқда. Автосаноат минглаб ўзбекистонликларнинг пулини йиллаб «босиб ётиши», машинани эса истаган вақтида бериши бир томон, бу ҳақда гапирилмаслиги бошқа томон бўлиб халқни қийнарди. Ниҳоят «автопром» одамларнинг пулини олиб, машинани истаган вақтда бериши энг юқори минбарда танқид қилинди: «Оддий шифокор, оддий меҳнаткаш, оддий фуқаро меҳнат қилиб топган пулини, кечирасиз-у «автопром»га айланиши учун бериб қўйиши адолатдан эмас», деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Президент олдиндан тўлов миқдорини ҳам 85 фоиздан 50 фоизга камайтириб, 1 майга қадар барча навбатни бартараф этишга кўрсатма берган.

Ҳокимларда ташаббус йўқ

Ҳафта давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича йиғилиш ҳам бўлиб ўтди. Кўрсатув давомида президент ўша йиғилишда вилоят ва туман ҳокимларини танқид қилгани акс этган видео кўрсатилди. Президент вилоят ва туман ҳокимларидан айтарли ташаббус билдирилмаганини танқид қилди: «Трафарет қилиб ёзмасин, деб айтгандим, барибир шундай қилиб ёзган. Бирорта вилоят ҳокими талаб қанча бўлади, нима қилиш керак деб айтмаган», деди президент.

Сув тежаганларга имтиёз

Йиғилишда сув тежаш тажрибасини амалда қўллайдиганларга субсидия берилиши айтилди. «2022 йил февралдан бошлаб сув тежаш технологиясини жорий қилган хўжаликлар ҳар бир гектар учун 8 миллион сўмдан субсидия олади. Хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади. Кредит фоизининг 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредит суммасининг 50 фоизига кафиллик берилади», деди президент.

«Набираларингизни ўйланг»

Кўрсатув давомида президентнинг божхона бўйича ўтказган йиғилишидан ҳам кадрлар кўрсатилди. Унда президент қўмитанинг янги раҳбари Акбархўжа Мавлоновга кўрсатмалар берар экан, соҳада коррупция бўлмаса, божхоначиларни ўзи қўллаб-қувватлашини айтди: «Сенинг устувор вазифанг тизимни коррупциядан холи қилиш, одамларни, тадбиркорларни эшитишинг керак. Ўзинг, муовинларинг ҳар ойда икки марта тадбиркорлар билан учраш. Агар чегарамиз рақамлашган бўлиб, қулф-калити қўлимизда бўлса, бу иқтисодиётимиз барқарорлигига катта ҳисса қўшади».

Президент ҳалол ишлаган божхоначилар рағбатлантирилиши, олис чегара постларида ишлаётганлар хизмат уйи олиши, қўшимча устамалар билан таъминланиши, тизимда коррупция бўлмаслиги кераклигини айтди. Бу сўзларни айтар экан божхоначиларга мурожаат қилди: «Сиз бугун ўзингизни эмас, набирангизни ўйланг. Ҳамма нарса инсон омилига – сизларга боғлиқ. Давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигига бевосита таъсир қиласизлар. Тадбиркор ишини божхонага ишониб бошласа, икки ҳисса самарали бўлади».

«Сиз ҳалол ишласангиз, хоҳлаган уйимга кира оламан»

Тошкент шаҳрини айланган президентнинг маҳалла аҳли билан суҳбатидан ҳам парчалар кўрсатилди. «Менинг вакилимсиз, агар сиз адолатли ишласангиз, ҳамма уйга кира оламан. Адолат бўлмаса, ишсизлик бўлади, мен олиб берган дориларни танишларига беришади, мен айтган касалхонага одамларни ётқизишмайди», деди президент Дўстлик маҳалласи раиси Маъмура опага.

Ҳоким ёрдамчисига юзланган президент давлат бозор иқтисодиётига ўтиб бораётгани, буни одамларга тушунтириш кераклигини айтди: «Сенинг вазифанг бозор иқтисодиёти билан социализмнинг фарқини одамларга кўрсатиш. Олдинги тизимда одамлар ойликка ишлайверган, лекин бу етмаяпти-ку. Биз аста-секин бозорга ўтяпмиз».

«Жиноят жума, шанба куни бўларди»

Президент Дўстлик маҳалласидаги участка нозири билан суҳбатда уларга бежизга уй берилмаганини айтди: «Аввал сизлар жума, шанба уйга кетардинглар, жиноят жума, шанба куни бўларди. Мен ҳам маҳаллада яшаганман, участкавойни кўрмасдим. Сизга уй беришимиздан мақсад шуки, сен бу ерда яшашинг керак, чироғинг ёниқ бўлсин, байроқ осиғлиқ турсин, одамлар ўзини хавфсиз ҳис қилсин».

«Ер ажратишда таниш-билишчилик бўлмайдими?»

Президент Янгиҳаёт индустриал технопаркида ҳам бўлди. Ерлар қандай ажратилиши борасида инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Азиз Воитовга илмоқли савол берди: «Ер ажратишда таниш-билишчилик бўлмайдими? Ҳаммасини Воитов ажратибди дейишмайдими?» Ортиқхўжаев ва Воитов эса ерлар аукцион орқали берилишини жўр бўлиб айтишди.

«Тошкент ҳам Андижонга ўхшаб боряпти»

Президент ишлаб чиқаришга оид қурилишларни ҳам кўп қаватли қилиш вақти келганини гапирар экан, Тошкентда ер кам қолаётганини эслатди: «Тошкент ҳам Андижонга ўхшаб боряпти, ер қолмаяпти. Энди ускуналарни 2-3 қаватга чиқариш керак. Японияда 40-қаватда станок турибди, Хитойда 51-қаватда ёнимизда станок ишлаётганди. Биз эса бир пақир сувни тепага олиб чиқолмаяпмиз».

«Давлат қарзи бўлмаса...»

Президент янгиҳаётлик ва сергелилик фаоллар билан учрашувда Ўзбекистон ташқи қарз молиявий инструментидан нега кўп фойдаланаётганига ҳам изоҳ берди: «Ташқи қарз тўғри йўналтириляпти. Агар шу бўлмаса, ойликлар ҳам бўлмасди, метро ҳам бўлмасди, ойликлар ҳам ошмасди. Ўтираверардик қарсак чалиб, баландпарвоз гапириб».

«Вақтли туриш керак, инсоф бергани рост бўлсин»

Президент туман ҳокимларига вақтлироқ туриш кераклигини ҳам эслатди. «Ҳокимларга неча марта айтаман соат 06:00да тур деб, 06:00 эмас, 05:30да ёришиб кетяпти ҳозир. Ёришдими? Туряпсанми? Яхши, сенга инсоф бергани рост бўлсин», деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид