Жамият | 18:39 / 23.02.2022
15877
3 дақиқада ўқилади

Ғиждувондаги «нуқтали қурилишлар»: кўп қаватли уй аҳолиси бундан норози

Сайтимизда Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги ноқонуний ер тақсимлашлар ҳақида бир қатор репортажлар уюштирдик. Уларни ўрганишимиз жараёнида Абдулла Қаҳҳор маҳалласи аҳли кўп қаватли уй олдидаги боғ ва кўча юзидаги бўш ер тадбиркорларга бериб юборилгани борасида ҳам шикоят қилиб қолишди.

«Ғиждувон-тўқимачи» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бўйсунувидаги кўп қаватли уйда яшовчиларнинг айтишича, бу ерда кўп йиллик мевали боғ бўлган. Маҳалла аҳли сув чиқариб, дарахтларни парвариш қилишган. Соясида дам олишган. Айниқса болалар меваларидан тановул қилишган. Энди эса боғнинг бир қисми тадбиркорга бериб юборилган.

«Боғимизда соя-салқинда дам олар эдик. Дарахтларни кесишди, тадбиркорга бериб юборишди ва тўрт тарафидан ўраб қўйишди. Ҳаво айланишига таъсир қилади», - дейди шу «дом»да яшовчи Матлуба Шамсиева.

Матлуба Шамсиева

Маълум бўлишича, ушбу ҳудуддан 465 квадрат метр ер майдони Ғиждувон туманининг собиқ ҳокими Мурод Умаровнинг 2019 йил 13 июлдаги 7962-сонли қарори билан «Иброҳим Раҳмат» хусусий корхонасига ажратиб берилган.

Бунга сабаб қилиб «Иброҳим Раҳмат» хусусий корхонасининг Ғиждувон деҳқон бозори ҳудудидаги кўчмас мулклари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилгани келтирилган.

Ҳоким қарорининг 4-бандида ажратиб берилган ер майдонидан 2 йил давомида фойдаланилмаса, қарор ўз кучини йўқотиши кўрсатилган. Бироқ ажратиб берилган ер 2022 йил феврал ойи бошларида шунчаки ўраб қўйилган, дарахтлар кесилган, холос. Яъни формал жиҳатдан муддат ўтган ва қарор ўз кучини йўқотган.

Шу ҳудудда жойлашган 5 қаватли кўп қаватли уйнинг ёнида ҳам қурилиш учун ер ажратиб берилган. Ер майдонининг бу тарзда ажратиб берилиши шаҳарсозлик меъёрларига асло тўғри келмаслиги аниқ. Боз устига, ерни эгаллаб қурилиш қилган тадбиркор уни битирмасдан, чала ҳолида сотувга қўйган.

Яхши бизнес — мавжуд меъёрларни оёқости қилиб, ер учун ҳоким қарорини чиқартирасан, фуқароларнинг қаршиликларига қарамасдан қурилиш қиласан, кейин уни чала ҳолида кадастр қилиб, мўмай пулга пуллайсан.

Ғиждувонда боғчаларга ва маданий мерос объектларига тегишли ер майдонлари тадбиркорларга бўлиб берилгани, бировнинг номида мулк бўлиб турган ерлар компенсациясиз давлат захирасига олиниб, бошқа тадбиркорга тортиқ қилиб юборилгани ҳақида ҳикоя қилдик.

Ғиждувонда одамлар ҳам, дарахтлар ҳам оёқости қилинмоқда. Болалар ўйнайдиган масканларга чанг солинмоқда. Бу қонунсизликлар учун кимлардир жавоб берадими? Ўша кимлардир жавоб бериши учун кимдир уларни сўроққа тута оладими? Нега Ғиждувонда қонунга риоя қилиш бу қадар қийин?

Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид