Самарқанд шаҳридаги «GOLDEN KIDS» хусусий болалар боғчасида кузатилган нохуш ҳолат – тарбиячи ёрдамчисининг болаларни ухлатишда игна санчиб қўрқитгани ҳақида хабар тарқалди. Тарбиячига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар берилди.

Kun.uz мухбири мазкур боғчада бўлиб, ҳолат бўйича ташкилот раҳбари ҳамда ота-оналар муносабати билан қизиқди.

Маълум бўлишича, боғча мудираси Феруза Юсупова муассасага ўрнатилган кузатув камерасига ёзиб олинган видео тарқатилишига ўзи розилик билдирган, ота-оналарга ҳам тасвирга олишга рухсат берилган.

Феруза Юсупова Kun.uz мухбири билан суҳбатда тарбиячиларни танлаб олишда аввало уларнинг оилавий шароити билан қизиқишини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ишга олинадиган ходимларнинг нафақат маълумоти, тажрибаси, балки ўзининг фарзанди бор-йўқлигига ҳам қизиқиш билдирилади.
«Чунки болага оиласида меҳр кўрсата олган инсон бировнинг фарзандига ҳам меҳр кўрсата олади.
Очиғи, муассасамизнинг обрўсига путур етказган бўлса ҳам оқни оқ, қорани қорани дейишни истайман. Бу тарбиячи хушмуомала, болалар билан яхши тил топишадиган кадр эди. Шу вақтгача бирор марта ножўя ҳаракатини сезмаганман. Тарбиячимизнинг оила аъзоларини ҳам яхши танийман.
Бироқ 18 март куни тарбияланувчимизнинг ота-онаси келиб, эътироз билдирди. Уларнинг айтишича, тарбиячи болаларини игна билан қўрқитиб, ухлатган экан. Бола ёлғон гапирмайди, аммо ходимларимиз ҳам бунақа қилишига ишонмадим. Ҳар бир хонада камера борлиги ва асл ҳолат унинг хотирасида сақланиб қолишини тушунтирдим. Шундан кейин камера ёзувларини кўздан кечирдик ва шу ҳолатга гувоҳ бўлдик. Воқеа 16 март куни содир бўлган экан. Ўша заҳоти ички ишлар ходимларини чақирдик ва вазиятни яшириб ўтирмасликка қарор қилдим. Тарбиячи ўша куни қўлида игна эмас, тиш тозалагич бўлганини айтди», дейди Феруза Юсупова.

















