Kun.uz мухбири UzAuto Motors раҳбари Бо Андерссон билан UzAuto Motors’нинг фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашди.

— Суҳбатимизни рақобат масаласидан бошламоқчиман. Хабарингиз бор, Ўзбекистонда божхона тўловлари камайтирилди. Бу UzAuto Motors компаниясига қандай таъсир қилади? Рақобатга қандай қарайсиз?

— Бу яхши савол. Мен бу ерга автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида хорижлик мутахассис сифатида келганман. UzAuto Motors ҳар қандай бошқа ишлаб чиқарувчи билан рақобатлаша олишига ишончим комил.

Мен рақобатга ишонаман, рақобат бўлгани яхши! Агар рақобат бўлса, ҳаётнинг ўзи сизни яхшироқ бўлишга мажбур қилади.

Рақобатга яхши қарайман. Ҳамиша Hyundai, Kia ва Lada билан рақобатлашишига ўрганганман. Бизнинг янги маҳсулотимиз рақобатбардош бўлишига мутлақо аминман.

Бо Андерссон

— Автомобиллар нархи ва сифати ўртасидаги нисбат сизни қониқтирадими?

— Аввало шуни айтмоқчиманки, сотуви бўйича энг оммабоп автомобил – бизнинг бестселлер Lacetti эканлиги мени ҳайратда қолдирди. Шу ўринда яна шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, шахсан менга ҳам Lacetti жуда ёқади. Агар нархига келадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, бундай автомобил учун 14 000 АҚШ доллар ажойиб нарх.

Сотув натижаларига кўра, иккинчи оммабоп автомобил Damas ҳисобланади. Унинг нархи ҳам жуда рақобатбардош. Бу Cobalt автомобилига ҳам тегишли.

Мен хорижлик инсон сифатида қарасам, Ўзбекистонда автомобиллар нархи жуда рақобатбардош, уларнинг сифати  анча юқори бўлади.

— Компаниянинг автомобилларни магнитоласиз ишлаб чиқариш қарори кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Нима сабабдан бундай қарор қабул қилинди?

— Аввало шуни айтмоқчиманки, сўнгги икки йилда ҳар бир автомобил ишлаб чиқарувчи яримўтказгичлар муаммосига дуч келди, ҳар бир автомобил ишлаб чиқарувчи у ёки бу даражада автомобил магнитоласи муаммосига дуч келди. Афсуски, етказиб берувчимиз тўсатдан бизга панд берди.  Бугунги кунда бошқа етказиб берувчилар билан музокаралар олиб боряпмиз. Бу эса ўз навбатида,  автомобилларимизда замонавий автомагнитоладан фойдаланиш имконини беради.