Ўзбекистон | 17:53 / 25.03.2022
14560
3 дақиқада ўқилади

“Чиройли гаплардан амалиётга ўтиш керак” — Сардор Умурзоқов

“Чиройли гаплардан амалиётга ўтиш керак. Биз, президент Шавкат Мирзиёев жамоаси амалиёт тарафдоримиз”, деди Тошкент инвестиция форумининг Марказий Осиё минтақасига бағишланган сессиясидаги чиқишида бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов.

25 март – Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи иш кунида турли йўналишларда сессиялар давом этди.

Куннинг биринчи ярмида “Марказий Осиёнинг инвестиция салоҳияти” панел мунозараси бўлиб ўтди. Унда бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик банки вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг иқтисодиёт ва саноат вазирлари иштирок этди.

Сессия давомида Сардор Умурзоқов минтақадаги ҳамкорларни мазкур форум тақдим этаётган имкониятдан унумли фойдаланишга чақирди.

“Чиройли гаплардан амалиётга ўтиш керак. Биз, президент Шавкат Мирзиёев жамоаси амалиёт тарафдоримиз. 27 йил муҳокама қилдик, энди амалий ишга киришдик. Ҳали (иқтисодий соҳа) сифат жиҳатдан муаммоларга тўла. Шу муаммоларга тайёр бўлиб, ўзимизнинг айни бир қолипдаги фирклаш доирамиздан чиқишимиз керак.

Бошқа мамлакатларга зарар етказиб, ютишдан воз кечиш керак. Бугун ютқазамиз, эртага нимадирдан ютамиз. 2016 йилда Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан алоқаларида, хусусан, чегара масалаларида анча саволлар бор эди.

Биз Афғонистон орқали тизимли тарзда Покистон билан савдомизни амалга оширишни илгари ким тасаввур қила олар эди?! Юклар Карачига 4 кунда етиб бормоқда. Ҳиндистон билан ҳам шу йўлакдан фойдаланиш келишилди. Сиёсий ирода бўлса, барчасига эришамиз. Барчани ушбу форумни натижадор ўтказишга чақираман”, – деди Ўзбекистон ҳукумати вакили.

Умурзоқов Kun.uz мухбири билан суҳбатда форумда амалий натижаларга эришилишини қайд этди.

“Мен нафақат амалий натижа кутяпман, балки [инвесторларда] Ўзбекистондаги имкониятлардан кўпроқ фойдаланиш истагини уйғотиш ниятидаман. Бу орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун, қишлоқ хўжалигига янги инновацияларни киритиш учун, хизмат соҳасини кескин ривожлантириш учун кўпроқ тўғридан тўғри инвестиция олиб келиш, пировард натижада одамларимизнинг ҳаёти яхшиланиши керак”, – деди у.

Форумда параллел равишда макроиқтисодий барқарорлик, молия бозори, қишлоқ хўжалиги саноати, транспорт логистика инфратузилмасини ривожлантириш каби йўналишларда ҳам сессиялар бўлиб ўтди.

Мавзуга оид