Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги «Хонтепа» маҳалласини реновация қилиш бўйича мастер-режа тасдиқланди, дея хабар берди Халқ депутатлари вилоят кенгаши.
26,8 гектар ҳудудни қамраб оладиган мастер-режа доирасида 107 та 7−9 қаватли турар жой биноси қурилиши режалаштирилган. Бу 10 620 нафар инсон учун яшаш шароити яратиши мумкин.
Ҳудуднинг 8,3 гектари яшил майдонлар учун ажратилади. Хусусан, 4,8 гектар майдонда марказий сайилгоҳ барпо этилади. Шунингдек, 9,6 км пиёдалар ва 9,4 км велосипед йўлаклари қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида 210 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 400 ўринли хусусий мактаб қурилиши режалаштирилган. Биноларнинг биринчи қаватларида 47,8 минг квадрат метр савдо, маиший хизмат ва бизнес майдонлари қурилади.
Лойиҳага 219,1 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилиб, 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутиляпти. Бу бюджетга йилига 100 млрд сўмдан ортиқ солиқ тушумлари келиб тушишини таъминлаши мумкин.
Реновация лойиҳаси 2026−2032 йилларда учта асосий босқичда амалга оширилади.









