Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок иштирок этди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги беш йилда вилоятга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. Хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган минглаб лойиҳалар ишга туширилди, аҳоли жон бошига даромад уч баравар ошди.

“Энди етиштирилган маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, воҳа аҳолисининг муносиб даромад топишига шароит яратиш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳа тайёрланган. Маросимда 69 та лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди.

Ишга туширилаётган 28 та саноат корхонасида 7 мингга яқин доимий иш ўрни яратилмоқда. Италиянинг “Cotonella” бренди йилига 8,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Косон, Миришкор ва Касби туманларида тўқимачилик соҳасида яна 14 та лойиҳа бошланмоқда. Улар ҳисобидан 18 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда ҳам янги қувватлар ташкил этилмоқда. АҚШлик ҳамкорлар иштирокидаги “Wosune Food Ingredients Karshi” корхонаси 3,5 минг гектар майдонда етиштириладиган 100 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайди. Унинг 40 миллион долларлик маҳсулотини “Nestlé” ва “Purina” каби халқаро брендлар учун экспортга йўналтириш режалаштирилган. Миср ва Покистон инвесторлари эса Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириб, картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини бошламоқда.

Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 MW бўлган учта гидроэлектр станцияси ишга туширилди. Қарши туманида Хитойнинг “Shanghai SUS” компанияси иштирокида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган 150 миллион долларлик заводни йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида умумий қуввати 58 мегаватт бўлган тўққизта микроГЭС барпо этилади.