Ўтган ҳафтада Россия президенти Владимир Путин кутилмаганда «нодўст давлатлар» Россия гази учун рублда тўлов амалга ошириши кераклигини айтди - бу амалда Россия газининг асосий истеъмолчилари бўлган Европанинг барча мамлакатларига тааллуқли эди. Ўтган вақт давомида ЕИнинг қатор давлатлари бунга рози бўлмасликларини маълум қилиб бўлишди.
«Биз рублда тўламаймиз. Биз Евроиттифоқнинг бошқа барча давлатлари билан якдилмиз», деди 30 март куни Австрия мудофаа вазири Клаудиа Теннер PULS 4 телеканалига берган интервьюсида.
Шу куни Германия канцлери Олаф Шольц ва Россия президенти ўртасидаги телефон мулоқотида газга тўлов масаласи муҳокама қилинди. Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Хебестрайт суҳбат мазмунини қисқача келтирган.
Унинг сўзларига кўра, Путин Шольцга, европалик ҳамкорлар учун ҳеч нарса ўзгармаслигини айтган: тўловлар аввалгидек еврода ўтказилиши ва санкцияларга учрамаган «Газпромбанк»ка келиб тушиши, кейин рублга конвертация қилинишини айтган.
«Шольц суҳбатда бундай процедурага розилик билдирмади, аммо яхшироқ ўрганиш учун хат орқали маълумот етказишни сўради», дея хабар қилган Хебестрайт.
Таъминотда узилишлар юзага келиши эҳтимоли туфайли Германия ва Австрия фавқулодда ҳолатлар режимидаги ҳаракатлар режасини ишга туширган. Германия эҳтимолий тақчилликни инобатга олган ҳолда аҳоли ва компанияларни газ истеъмолини қисқартиришга чақирган. Австрия ҳукумати газ бозорида назорат қатъийлаштирилишини маълум қилган.
«Франция рублда ҳисоб-китоб қилишга қарши», деганди бироз аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон. 29 март куни у уруш бошланганидан буён тўққизинчи марта Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Макрон ва Путиннинг мулоқоти куни «Катта еттилик» йиғилиши ўтказилди. Унда Ғарб давлатлари ҳам газ учун рублда тўлов қилмасликка келишиб олди. «Етказиб бериш доллар ёки евро орқали амалга оширилиши керак», деди Еврокомиссия матбуот котиби Эрик Мамер.
Шарқий Европа давлатлари вазирлари ҳам ўзгаришга қарши чиқишганди. «Мен Европада кимдир рублнинг қандай кўринишда эканини билишига шубҳам бор», дея Словения бош вазири Янез Яншанинг сўзларини келтирган Reuters.
Путин Россия «дўст бўлмаган давлатлар»га газни фақат рублда сотишини эълон қилди

















