Март ойида кузатилган аномал ёмғирлар ва совуқ ҳарорат мевали дарахтлар, айниқса, ўрик гулига жиддий таъсир кўрсатган. Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовга кўра, охирги 70 йилликда дарахтларнинг вегетацияга кириш даврида март ойида кузатилганидек кўп ёғин ёғмаган. Шу сабаб дов-дарахтларда зарарланиш ҳолатини баҳолаш бироз қийин ва кечроқ тўлиқ маълумотлар олинади.

Биз суҳбатлашган аксар боғбонлар бу йил хам ўрикдан умид узганини айтмоқда.

Ўткирбек Мирзаобидов, боғбон. Фарғона, Олтиариқ

– Олтиариқнинг қир-адирли жойида 15–16 ёшли 10 гектар ўрикларимиз бор. Россия ва ўзимизнинг бошқа вилоятларга чиқарардик. Ўрик роса гуллаганда ёмғир ёғишни бошлади ва 1 ҳафта қуёш умуман кўринмади. Ўзи бу пайтдаги ёмғир дарахт гулларига зиён қилади. Олдинги йилларда ҳам 1-2 кун ёмғир ёғиб, ўрик гулларининг 10–20 фоизини чиритиб қўярди. Ўрик гули тепага қараган бўлади ва гулининг тагида мева, ғўра бўладиган жойида косача бўлади, шу жойига сув кириб қолса, чиқиб кетмайди. Гуллар чириб қолади. Гилос, қашғар гилосларнинг гули ерга қараган бўлади ва уларга сув кирмайди. Ёғингарчиликда улар ҳали гулламаганди ҳам.

Ёмғир ёғиб, март ойида арилар умуман чиқмади. Арилар чиқмагач чанглаш ҳам йўқ. Ҳозир дарахтлар қорайиб, гулини тўкиб юборди. Ейиш учун ўрик қолганига умид бор, лекин сотиш учун йўқ. Кечки ёки тоғ ҳудудларидаги ўрикларнинг ҳали уйғониб улгурмаганлари бор. Улар энди гуллаган. Биз ўрикдан айрилдик ҳисоб. Бизнинг ўрикларни совуққача ёмғир чиритиб бўлганди, совуққа етиб бормади. Шафтоли, гилослар ёмғирдан кейин гуллади. Уларнинг меваси яхши бўлади. 10–25 сотихли 2-3та узум боғларимиз ҳам бор. Узумларимиз энди куртак ёзяпти. Уларни совуқ урмаган.

Баҳодир Қаюмов, боғбон. Қашқадарё, Қарши

– Боғимда 150 туп бодом ва 50–60 туп ўрик бор. Бодомларимизнинг 10 фоизини совуқ урди, қолгани яхши. Ўзим ҳар бирини текшириб қараб чиқдим. Ўрикнинг 70 фоизини совуқ уриб кетди. Анча эрта гуллаган ва кеч гуллаган ўрикларники қолди, айнан қор ёғганда гуллаб турган ўрикларнинг 90 фоиздан кўпини совуқ уриб кетди. Қашқадарёнинг бошқа жойини билмадим-ку, лекин Қарши шаҳрида шундай ҳолат.

Мардонбек Акрамов, мевачилик ва кўчатчилик соҳаси мутахассиси

– Совуқ ўрик гулига таъсир қилди, ён-атрофимизда қолган дарахтларга унчалик таъсир қилмади. Ўрик гулиниям оқ қандак навларини совуқ урди. Бодом гулиниям тўлиқ дея олмайман-у, айрим ҳудудларда совуқ урди, айрим жойларда яхши турибди.