Жаҳон | 09:18 / 06.04.2022
10947
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Венгрияга қонун устуворлиги механизмини қўллайди

Брюссел Будапештни Европа иттифоқи маблағларининг «соядаги каналлар орқали сизиб чиқишига» имкон яратиб беришда айбламоқда. «Гап коррупция ҳақида кетмоқда», - деди Еврокомиссия раҳбари.

Фото: ATTILA KISBENEDEK / AFP

Европа иттифоқи биринчи марта қонун устуворлиги механизмини қўллашга тайёрланмоқда. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 5 апрель, сешанба куни қонун устуворлиги тамойиллари бузилгани муносабати билан Венгрияга қарши чоралар кўрилишини маълум қилди. Механизм Евроиттифоқ бюджетидан мамлакатга тўловларни камайтириш имконини беради.

«Гап коррупция ҳақида кетмоқда», деди Урсула фон дер Ляйен. У Европарламент депутатларига Еврокомиссиянинг Венгрия ҳукуматига йўллаган мактубини кўрсатган. Брюссел Виктор Орбан ҳукуматини Европа иттифоқи маблағларининг «соядаги каналлар орқали сизиб чиқишига» имкон яратиб беришда айбламоқда. Еврокомиссия раҳбари Будапештга йўлланган мактубнинг мазмуни ҳақида батафсил маълумот бермаган. 

Венгрия ҳукумати бунга жавобан Брюссел хато қилаётганини билдирди. Мамлакат бош вазири идораси раҳбари Гергел Гуляш Еврокомиссияни «венгриялик сайловчиларни ҳукмрон партия ғалаба қозонган якшанба кунги сайловларда Брюссел дидига мос фикр билдирмагани учун жазоламасликка» чақирди. 3 апрель куни Венгрияда бўлиб ўтган парламент сайловларида Орбаннинг мамлакатни 12 йилдан бери бошқариб келаётган «ФИДEС - Венгрия фуқаролик иттифоқи» партияси ғалаба қозонди. 

Европа иттифоқининг қонун устуворлиги механизми 2021 йил бошидан бери амал қилмоқда. Унда Еврокомиссия қонун устуворлиги бузилгани сабабли пулдан нотўғри фойдаланиш хавфи мавжуд бўлган давлатларга қўшма бюджетдан маблағлар ажратилишини қисқартириши мумкинлиги назарда тутилган. Полша ва Венгрия ушбу восита ўзига қарши қўлланилишидан қўрқиб, 2021 йил март ойида Люксембург судига қонун устуворлиги механизмига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган. Бироқ суд бу даъволарни рад этди. 

Венгрия бош вазирининг танқидчилари уни ўз бошқаруви даврида мамлакатдаги демократик институтларга путур етказганлик, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва суд мустақиллигини чеклаганликда айбламоқда. Еврокомиссия Венгрияга COVID-19 пандемияси оқибатларини бартараф этиш жамғармасидан пул ажратишдан бош тортди, сабаби Орбан улар тўғри сарфланиши бўйича ҳалигача ишончли кафолатлар тақдим этмаган.

Мавзуга оид