Ўзбекистон | 07:32 / 09.04.2022
6323
2 дақиқада ўқилади

1 майдан норезидентларнинг Ўзбекистондаги даромади бўйича солиқ ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланади

Фото: Fotolia

Президент “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Молия вазирлигининг 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари (дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлардан ташқари) бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини 12 фоиз миқдорида белгилаш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

Молия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат хизматлари ва функцияларини бажаришга хусусий секторни кенг жалб этишни жадаллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритади.

Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда 2022 йил якунига қадар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон резидентлари ёки норезидентлари бўлган мижозлар учун уларнинг шахсий иштирокисиз қимматли қоғозлар учун депо ҳисобварақларини масофадан туриб очиш имкониятини яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид