Навоий вилояти Нурота тумани маркази кичик шаҳарга ўхшайди: уйлар анча тиғиз, ташкилот ва давлат муассасалари бир-бирига яқин жойлашган, пиёда ҳам айланиб чиқиш мумкин. Аммо шундай бўлишига қарамай, шаҳарча йўлларида машиналарнинг кети узилмайди.

Туризм яхши ривожланаётган ушбу ҳудудда келиб-кетувчи сайёҳлардан ташқари 1-2 чақирим наридаги ишхонасига машина миниб борувчилар ҳам кўп. Бироқ 72 ёшни қаршилаб, бугун нафақа гаштини сураётган Боли Шарипов бутун фаолияти давомида ишга велосипедда қатнаган. У ҳамон велосипед устида “яшамоқда”. Айтишича, унга машина олишни тавсия қилганлар кўп бўлган. Бироқ у иқтисодий имконияти етса ҳам бунга кўнмаган.

Боли аканинг қатъий кун тартиби бор. Эрталаб ҳовлисидаги ўзи яратган боғда меҳнат қилади. Нонушта, тушлик ва кечки овқат белгиланган вақтдан кечикмайди. Пешиндан сўнг эса велосипедда сайрга чиқади. Шаҳарчани айланиб, таниш-билишлар билан ҳол-аҳвол сўрашгач, Нурота чашмасидан сув олиб, уйга қайтади. Унинг яна бир қатъий одати шуки, кўчага расмий кийимсиз, бўйинбоғ тақмасдан чиқмайди.

“Нафақага чиққанларига 11 йил бўлди. Ҳали ҳам тўй-маъракаларга бўйинбоғ тақиб борадилар. Қўйинг энди, десам “Онаси, мен бу бўйинбоғ учун 7 йил ўқидим. Ёшлигимда ота-онамдан эрта айрилдим, етимликда ўсдим. Қийналиб талаба бўлдим, Тошкентда ўқишдан бўш пайтларимда ҳовлиларда мардикорчилик қилиб, ўзимни таъминлаганман. Шунинг учун бўйинбоғни ечгим келмайди”, дейдилар. Умрлари велосипед устида ўтди. Ҳозир ҳам ҳар куни бир марта велосипед миниб, кўча айланиб келадилар, чашмадан сув келтирадилар. Велосипед бизнинг Волгамиз, ҳар куни чангларини артиб, яхши кайфиятда кузатиб юбораман”, — дейди турмуш ўртоғи Роҳила Бозорова.

Боли Шариповни нуроталиклар “велосипедчи амаки” дейишади. Сабаби уни пиёда ёки машинада деярли кўришмаган. Олис манзилларга боргандагина машинага минади. Велосипедни инсон саломатлиги ва экология учун фойдали, қолаверса харажатсиз техника, деб билувчи қаҳрамонимиз чин маънода унга меҳр қўйган.









