«Ўзбекфилм» киностудиясининг 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзи тўлиқ қопланди. Бу ҳақда маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов хабар берди.
Қайд этилишича, аукционга қўйилиш арафасида турган 12 та автомобил ҳам киностудия ихтиёрига қайтарилган. Эндиликда ходимларнинг тўпланиб қолган 3 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи қарздорлигини қоплаш режалаштириляпти.
Кинематография агентлиги директорининг таъкидлашича, «Ўзбекфилм» зиммасидаги 22 миллион евролик кредит мажбурияти энг катта муаммо бўлиб қоляпти.
«Киностудияни 10 гектарлик ер майдони билан бирга гаровдан озод қилиш ва кредит мажбуриятини ҳал этиш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан иш олиб бориляпти», деди Жаҳонгир Аҳмедов.
Аввалроқ, киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб туролмаслиги яъни амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолгани маълум қилинганди.







