Жамият | 14:35 / 20.04.2022
17791
3 дақиқада ўқилади

Бемор боланинг бемор онаси: “4 қизим менсиз нима қилади?” 

4 нафар қизнинг кенжаси Муслимахон кам учрайдиган оғир хасталик билан туғилган. Унинг онасида эса орқа мия ўсимтаси аниқланган. Уларнинг ҳар иккаласига ҳам хорижда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши зарур. 

Бир оилада 4 нафар қизалоқларни тарбиялаб вояга етказаётган ота-онанинг бошида чексиз ғам-ғусса мавжуд. Энг кенжа қизалоқ туғма нуқсон – сийдик йўли экстрофияси билан дунёга келган. Бу хасталик кам учрайдиган касаллик бўлиб, шифокорлар ўртача 10 минг одамдан биттаси шундай дардга учрашини айтишган. Фарзандининг ҳаёти ҳамма нарсадан муҳим бўлган оила бу дардга чора ахтариб бормаган эшиклари қолмади. Хорижда ўтказиладиган жарроҳлик амалиёти орқали шифо топиш мумкинлигидан хабар топишади. Аммо бу биргина операция билан шифо топмайдиган, кўп босқичли жарроҳлик операцияси ўтказиладиган касаллик эканлиги маълум бўлади. Ҳозирга қадар Сербияда биринчи операция ўтказилган ва киндик соҳаси, қорин бўшлиғи ўз жойига келтирилган. Энди беморда яна бир мураккаб операция ўтказилиши керак: унда ички жинсий аъзолар шакллантирилади. Биринчи операция учун катта миқдорда маблағ кетган ва оила бор-йўғини сарфлашга мажбур бўлган эди. Яна Сербияда ўтказиладиган иккинчи операция учун эса уларнинг қўли калталик қиляпти. Оила бошлиғи “Ўзбекистон темир йўллари”да вагонларни таъмирловчи уста бўлиб ишлайди.

Оиладаги бир беморнинг дардига даво топилмай туриб, 4 фарзанднинг онаси Маҳмудада ҳам орқа мия ўсимтаси аниқланган. Бу ўсимта оқибатида оёқ-қўллар фалажлиги келиб чиқиши мумкинлиги сабаб унга ҳам операция зарурлиги тавсия қилинган.

“4 қизимнинг бахтини кўришни истайман. Уларга менсиз қийин бўлишини кичик қизимнинг операцияси учун хорижга кетганимда билганман. Кийимларимни ҳидлаб яшаган қизларим менсиз қандай аҳволга тушишларини тасаввур қилолмайман. Ўзимнинг дардимни ўйламайман, фақат шу болаларим учун яшашим кераклигини биламан холос”, – дейди бемор боланинг бемор онаси.

Айни вақтда улар бир эмас, икки мураккаб операция учун маблағ тўплашяпти. Лекин бунинг осон эмаслиги барчамизга аён. Қизалоқнинг ва унинг онасининг ҳаёти яхшиларнинг савобли амалларига боғлиқ бўлиб турибди. 

Муслима Мирсобировага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 3150 0103 онаси Маҳмуда Аҳмаджонова номида

Сбербанк: 4276 6200 4027 5467 қариндоши Аллашукур Абдуллаев номида

Бевосита учрашиш истагида бўлганлар учун бемор манзили: Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Мумтоз маҳалласи, Оҳанрабо кўчаси, 17-уй. 

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид