Америкалик юрист Морган Чу ва унинг рафиқаси Ҳелен Чу Ҳарвард ҳуқуқ мактабига 31,4 млн доллар хайрия қилди. Бу – мактаб тарихидаги энг йирик хайрия бўлиб, маблағ олтита янги профессорлик лавозимини молиялаштиришга йўналтирилади.

Морган Чу – интеллектуал мулк ҳуқуқига ихтисослашган юрист, у Ҳарвард ҳуқуқ мактабини 1976 йилда имтиёзли баҳолар билан тамомлаган. Лос-Анжелесдаги Irell & Manella юридик фирмасининг суд ишлари бўйича гуруҳига раҳбарлик қилади.

“Мактаб мени адашиб қабул қилгани учун ундан миннатдорман. Бу ерда жаҳон даражасидаги таълим олдим ва вақтимни жуда мароқли ўтказдим. Ҳелен билан мактабга раҳмат айтмоқчи бўлдик”, – дея ўз хайриясини изоҳлади Чу.

Бу – Чулар оиласининг Ҳарвард ҳуқуқ мактабига ажратган биринчи хайрияси эмас. Морган ва рафиқаси Ҳелен 2013 йилда мактаб декани лавозимини молиялаштириш учун доимий фонд ташкил этишга маблағ ажратган.

Оила ундан аввал талабалар стипендиялари, академик ютуқлар учун мукофотлар ва бошқа таълим ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватлаган.

Чунинг оиласида Нобел мукофоти совриндори ҳам бор

Морган Чунинг оиласи илм-фан ва таълим соҳасидаги ютуқлари билан ҳам танилган. Унинг акаси Стивен Чу 1997 йилда физика бўйича Нобел мукофотини олган. Стивен Чу Барак Обама маъмурияти даврида АҚШ энергетика вазири ҳам бўлган.

Яна бир акаси Гилберт Чу Стэнфорд университетининг тиббиёт мактабида профессор бўлиб ишлайди.

Морган Чунинг ота-онаси Хитойдан АҚШга кўчиб келган ва Массачусетс технология институтида (MIT) таҳсил олган. Отаси кейинчалик университетларда профессор бўлиб ишлаган.

Ҳарвард ҳуқуқ мактаби маълумотига кўра, 2026 молия йили муассаса тарихидаги энг муваффақиятли маблағ йиғиш даври бўлди: хайриялар ҳажми 135 млн доллардан ошди. Бу аввалги рекорддан қарийб 30 млн доллар кўп.