Ўзбекистон | 14:06
4999
2 дақиқада ўқилади

2026 йил учун закот, фитр ва фидя миқдори эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 2026 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдорини эълон қилди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди. Унга кўра:

Закот нисоби

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини «тақрибан 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб» — 100 миллион сўм деб белгилади. Шу асосида камида 85 грамм тилла ёки 100 миллион сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бирини (2,5 фоизини) закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.

Фитр садақасининг миқдори эса қуйидагича белгиланди:

  • 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 минг сўм; (нархлар тақрибан келтирилган)
  • 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 минг сўм;
  • 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 минг сўм;
  • 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 минг сўм;
  • 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 минг сўм.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида — ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади.

Фидя миқдори

Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади. Яъни, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид