Уй ва автомобиль олди-сотдисида бож тоифалари бекор қилиниб, умумий нархлар белгиланмоқда
Депутатлар кўриб чиқаётган қонун лойиҳасига кўра, уй сотиб олишда унинг майдони қанчалигидан, автомобиль олди-сотдисида эса унинг ишлаб чиқарилган йили ва от кучидан қатъи назар бир хил давлат божи ундириш белгиланмоқда.
Бугун, 10 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳужжат билан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божини ундириш ва тўлашдан озод қилиш масаласи тартибга солинмоқда ҳамда давлат божини тўлашдан озод қилиш асослари белгиланяпти.
Қуйи палата матбуот хизматига кўра, нотариал ҳаракатларнинг асосий қисми кўчмас мулклар, автотранспортлар олди-сотдиси билан боғлиқ бўлиб турган айни вақтда давлат божини тўлашда ҳам нотариусларда, ҳам фуқароларда турли тушунмовчиликлар пайдо бўляпти. Бу эса «ўз ўрнида қатъий «ставка»ларни белгилаш зарурати»ни келтириб чиқармоқда.
Қонун лойиҳаси билан уй сотиб олишда майдоннинг қанчалигидан қатъи назар бир хил – 1,5 баробар миқдорда бож ундириш таклиф қилиняпти. Амалдаги қонунчиликда бу олтита тоифага ажратилган бўлиб, олти хил миқдорда давлат божи ундирилар эди.
«Автотранспортлар олди-сотдисида ишлаб чиқарилган йили, от кучи, жами 12 та тоифага ажратилган ҳолда умумий нархнинг 10 баробари (2 700 000)гача тўлов қилиняпти. Шу боис, аксарият одамлар сотиб олаётган машинасини ўзининг номига расмийлаштиришдан кўра, 3 йиллик ишончнома имзолашни афзал кўрмоқда», дейилади хабарда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ишлаб чиқарилган йили ва от кучидан қатъи назар, автомобиль олди-сотдисида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (810 минг сўм) миқдорида давлат божи ундириш белгиланмоқда.
Йиғилишда фракция депутатлари қонун лойиҳаси қўллаб-қувватлаган.
Янги тартиб қонунчиликка кириши учун дастлаб бу лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида 3 ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилиниши керак. Сўнгра қонунни Сенат маъқуллайди ёки қайтаради. Парламент қабул қилган қонун президент томонидан имзолангач, ҳужжатнинг ўзида кўрсатилган муддатда кучга киради.
Мавзуга оид
10:11 / 18.12.2024
Уй-жой қурилишида янги тизим жорий этилиши мумкин
17:03 / 04.12.2024
Термитлар туфайли яроқсиз ҳолга келган уй эгаларига бошқа уй-жой берилади
18:32 / 02.12.2024
“Уй қурилишини кечиктирган тадбиркор жаримага тортилади” — Қурилиш вазирлиги
10:15 / 23.11.2024