Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон кўчмас мулк бозори бўйича янгиланган шарҳни тақдим этди.
Жорий йилнинг август ойида республика бўйича қарийб 25,1 мингта уй-жой олди-сотди битими расмийлаштирилди, бу ўтган йилнинг август ойидаги кўрсаткичга деярли мос келади – бу 0,2 фоиз ўсишни англатади.
Шунингдек, йил бошидан буён Ўзбекистонда уй-жой савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга ўсиб, 222,5 мингта битимни ташкил этди.
Март ойида битимлар сони 43,5 мингтагача сезиларли даражада ошганидан сўнг, апрел–май ойларида фаоллик пасайди. Июн-июл ойларида кўрсаткич ойига 25–26 мингта битимгача тикланди ва август ойида ҳам шу даражада сақланиб қолди.
Ҳудудлар кесимида
Август ойида фаоллик 14 та ҳудуднинг 6 тасида ошди. Тошкент шаҳрида 7,4 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўп.
Йил бошидан буён (январ-август) пойтахтда уй-жой савдоси ҳажми 27,5% га ошди. Шу билан бирга юқори ўсиш суръатлари Сирдарё (25,4 фоиз) ва Андижон вилоятларида (23,8 фоиз) ҳам қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, августда Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори учун янги механизмлар жорий қилинганди. Янги қонунга кўра, риелторлар фаолияти, кўчмас мулк бўйича агентлар иши, Ягона реестр ва мултилистинг тизими каби янги ҳуқуқий механизмлар жорий қилинади.

















