Ваъда бор, натижа йўқ
Наврўз массивидаги аҳолининг айтишича, бу ҳудудда қарийб 120 та хонадон бор. Уларнинг аксарияти 2019 йилдан буён мазкур манзилда яшаса-да, доимий рўйхатдан ўтиш имконига эга эмас.
«Шунча пайтдан бери биз ҳокимиятга, прокуратурага, вилоят ҳокимлигига, вазирликка мурожаат қилдик. Ҳаммасидан жавоб хати келди, лекин ижобий натижа бўлмади. Ҳоким ҳам фақат ваъда беради, лекин натижа йўқ”, дейди мурожаатчилардан бири.
Ватандошларнинг сўзларига кўра, масала аввалги туман ҳокими даврида ҳам бир неча бор кўтарилган. Янги раҳбариятга ҳам мурожаатлар қилинган, бироқ муаммо ҳануз ҳал этилмаган.
“Қўлимиздаги қоғоз чиқинди холос”
Мурожаатчиларнинг айтишича, кадастр органлари томонидан уларга мол-мулкка эгалик ҳуқуқига оид маълумотлар ва QR-кодли ҳужжатлар берилган. Аммо ушбу маълумотларни электрон тизимларда текширишга уринганда натижа чиқмаган.
“Кадастр бўйича мол-мулкка эгалик ҳуқуқи чиққан. Лекин интернетда текширсангиз, ҳеч қаерда кўринмайди. Бизга берилган қоғоздаги кодлар орқали маълумот чиқмаяпти. QR-код бўлгани билан қўлимиздаги қоғоз шунчаки чиқинди бўлиб қоляпти”, дейди яна бир мурожаатчи.
Аҳолининг таъкидлашича, бу ҳолат уларнинг ҳужжатларига нисбатан ишончсизликни янада кучайтирмоқда.
“Мана шу бешта кўчада яшайдиганларнинг ҳаммаси ҳозир гўё ноқонуний тургандек. Аслида бизга қонуний қарор берилган, ер ажратилган. Лекин кейин “суғориладиган ерга бундай қарор бериш мумкин эмас”, дейишяпти. Демак, бу ер ҳокимликнинг хатоси билан бизга берилган. Ҳозир хоҳлаган одам судга бериб, ҳокимнинг қарорини бекор қилдириши ва уйларимизни буздириши мумкин, деган хавотир бор. Биз айнан шундан қўрқяпмиз. Юқоридан бу масаладан бехабар келган одам ҳужжатларимизни кўрса, “сизлар ноқонуний яшаяпсизлар”, деб қолиши мумкин”, дея таъкидлайди мурожаатчилардан бири.
“Фарзандларимиз мактабга чиқолмаяпти”
Манзил бўйича рўйхатдан ўта олмаётганлар фарзандларини мактабга жойлаштириш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва бошқа масалаларда муаммоларга дуч келмоқда.
“Фарзандларимиз мактабга чиқа олмаяпти. Ногиронларимиз бор, керакли тиббий хизматларни ололмаяпти. Негаки, пропискага тура олмаяпмиз”, дейди уларан бири.
Яна бир мурожаатчи эса набираси билан боғлиқ вазиятни мисол келтирди:
“Набирам 18 ёшда, икки йилдан бери ҳеч қаерда йўқ. Паспорт олган, лекин кадастримиз йўқ. Уни қаерга пропискага қўямиз? Бошқа жойимиз йўқ”.
Айрим оилалар фарзандларини вақтинча қариндошларининг манзилига пропискага қўйишга мажбур бўлаётганини ҳам билдиришди.
Масалани ким ҳал қилиши керак?
Наврўз массивидаги ватандошларнинг муаммоси фақатгина кадастр органи билан боғлиқ эмас. Сабаби, уларга уй қуриш учун суғориладиган ердан ажратилган. Бу туман ҳокимининг қарорларида ҳам кўрсатиб ўтилган. Демак, муаммонинг ечими ер тоифасини ўзгартириш билан ҳам боғлиқ.
Қонунчиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бошқа тоифага ўтказишнинг алоҳида тартиби белгиланган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 15 майдаги 246-сон қарори билан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Мазкур тартибга кўра, ер тоифасини ўзгартириш бўйича таклифлар тегишли ҳокимликлар томонидан шакллантирилади. Ҳужжатлар белгиланган шаклларда тайёрланиб, кўриб чиқиш учун ишчи органга ва Ҳукумат комиссияси аъзолари билан келишиш учун юборилади. Хусусан, суғориладиган ер участкаларини бошқа тоифага ўтказиш масаласида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлигининг тегишли хулосалари ҳам талаб этилади.
Кадастр агентлигининг расмий изоҳида ҳам қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа тоифага ўтказиш алоҳида тартибда амалга оширилиши қайд этилган.
“Бошқармадан жавоб келмади”
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Зангиота тумани ҳокимлиги билан боғландик. Ҳокимлик вакили томонидан масалани ҳал қилиш мақсадида 2026 йил 21 август куни Тошкент вилояти Ер лойиҳа бошқармасига ер тоифасини ўзгартириш бўйича хат юборилгани, аммо бошқармадан ҳали жавоб келмагани айтилди. Муаммонинг нега қарийб 7 йилдан буён ҳал этилмаётгани бўйича берган саволимиз эса жавобсиз қолди.
















