11 май куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилиш кун тартибидан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масаласи ҳам ўрин олди.

Расмий релизга кўра, шу йил март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлган.

Оқибатда 9 киши ҳалок бўлган. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрган, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлган.

Таъкидланишича, бунга сел ва кўчки хавфи юқори ҳудудларда йиллар давомида бетартиб пала-партиш суғорилгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан мутасаддиларга:

  • тоғ дарёлари ва сойлари, сел йўллари жойлашган ҳудудларда тун-у кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядларини кўпайтириш;
  • дарё қирғоқлари, сув омборлари, селга қарши иншоотларнинг фавқулодда вазиятларга шайлик ҳолатини ўрганиб, уларни мустаҳкамлаш;
  • хавфли ҳудудларда яшаётган хонадонларни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди.