Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлди. Уни ўчиришда ФВВ қутқарувчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 август куни соат 3:41 да “112” тизими орқали Тошкент шаҳар ФВББ навбатчилик қисмига Учтепа тумани Қуйи Дархон маҳалласидаги уйлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Шаҳар ФВББ ва ФВВ махсус қутқарув баталёни қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни бартараф этишга киришган.

Ёнғиннинг дастлабки сониялариданоқ қутқарувчилар уни бартараф этиш билан бир қаторда, хонадонда бўлган аҳолини зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишган. ФВВ махсус қутқарув баталёни отряд командирининг ўринбосари – гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам жасорат кўрсатиб, инсонларни қутқарган. Бироқ ёнғинни бартараф этиш жараёнида у қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, марҳум ёнғин бўлаётган хоналардан бирида ўт ўчираётган пайтда унинг устига ёниб турган уй тўсини қулаган.

“У ўз касбининг ҳақиқий фидойиси сифатида инсон ҳаёти ва хавфсизлигини ўз жонидан устун қўйиб, сўнгги нафасига қадар хизмат бурчига содиқ қолди. Унинг жасорати ва фидойилиги ҳамкасблари, қутқарувчилик касби ва юртимиз аҳли хотирасида ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади вазирлик хабарида.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум қутқарувчи Пардаев Бобурмирзо Комилжон ўғлининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.