ФВВ қутқарувчилари томонидан тоғли ҳудудларда фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ФВББга келиб тушган хабарга асосан Бўстонлиқ туманида тоғли ҳудудларда адашиб қолган шахсларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш бўйича қутқарув ишлари амалга оширилган.
Хусусан, Полвонак тоғида адашиб қолган 7 киши ҳамда Оқтош маҳалласи ҳудудидаги тоғли жойда қолиб кетган 1 кишига қутқарувчилар томонидан амалий ёрдам кўрсатилган. Улар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар йўқлиги билдирилган.
Вазирлик фуқаролардан тоғли ҳудудларда ҳаракатланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, йўналиш ва об-ҳаво шароитини олдиндан ҳисобга олишни сўраган.
Аввалроқ Бўстонлиқда Катта Чимён тоғида адашиб, тоғдан тушолмай қолган икки киши қутқарилганди.











