15 август куни Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги хонадонда ёнғин содир бўлди. Одамларни қутқариш ва ёнғинни бартараф этиш вақтида ФВВ махсус қутқарув баталони гуруҳ командири капитан Бобурмирзо Пардаев ҳалок бўлди. Бугун cафдошлари уни хавфли вазиятларда ортга чекинмаган, ўз касбига фидойи қутқарувчи сифатида эслашмоқда. Kun.uz воқеа тафсилотлари билан яқиндан танишиб, марҳумнинг сафдошлари ва ҳодиса гувоҳлари билан суҳбатлашди.

Бобурмирзо Пардаев ким эди?

Капитан Бобурмирзо Пардаев ФВВ махсус қутқарув баталонида гуруҳ командири бўлиб ишлаган. Олти йиллик фаолияти давомида у нафақат Тошкентдаги йирик ёнғин ва фавқулодда вазиятларда, балки мамлакат ташқарисидаги қутқарув ишларида ҳам қатнашган. Ҳамкасблари уни хавфли вазифалардан ортга чекинмаганини, аксинча, имкони бўлса, биринчилардан бўлиб боришга интилганини айтади.

“Фаолиятида жуда кўп фавқулодда вазиятларда қатнашди. Шу арзимас олти йил ичида Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув тошқинида ҳам ишлади. Ундан кейин, ҳаммага маълум, 2023 йил 6 феврал куни Туркияда кучли зилзила бўлди. Ўша ерга ҳам бориб, ўз гуруҳидаги йигитлари билан ишлади. Туркияда 102 соатдан кейин 32 ёшли йигитни тирик ҳолда олиб чиқишган. Ундан ташқари, ўтган йили Бойсун газ фаввораларидаги катта ёнғинда, Сергели туманидаги логистика марказидаги ёнғинда, Аграр университетидаги ёнғинда, Отчопар бозоридаги катта ёнғинда ҳам қатнашган. Қаерга бориш керак бўлса, мен боролмайман деб баҳона қилмасди. Мен бораман, деб ўзи қизиқиб кетарди. Туркияга бораётганимизда ҳам ёш экансан, дейишганда, «йўқ, мен бормасам бўлмайди, мен боришим керак», деб биринчилардан бўлиб чиққан”, — дейди майор Фарҳод Ҳайитбоев.

Бошлиқман деб четда турмасди

Бобурмирзонинг сафдошлари уни фақат мураккаб операцияларда қатнашган қутқарувчи сифатида эмас, гуруҳидаги ходимлар билан бир сафда ишлайдиган раҳбар сифатида ҳам эслайди. Уларнинг айтишича, иш қанчалик оғир бўлмасин, Бобурмирзо ўзини бошқалардан устун қўймаган.

“Жуда фидойи инсон эди. Ростдан акамдек яхши кўрардим. Сўз билан таърифлаб беролмайман. Ёнғинга чиққанмизми ёки фавқулодда вазият жойига чиққанмизми, ўша ерда болалар билан бирдек ёрдамлашарди. Чарчаган бола бўлса, уни алмаштириб, ўзи ҳам ишларди. Бошлиқман мен деб четда турмасди. Касбига фидойи қутқарувчи эди. Ҳолатни эшитганим эрталаб соат олтига ўн дақиқа қолганда эди. Сменага келишим керак эди. Бу хабарни эшитиб, у жойни кўриб... буни сўз билан таърифлаб беролмайман. Биз ҳамкасбимиздан айрилганимизни осон қабул қила олмаяпмиз”, — дейди сафдоши Шодиёр Абдураззоқов.

Сўнгги чақирув

Ёнғин вақтида хонадонда бўлган етти киши қутқарувчилар томонидан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган. Хонадон эгасининг айтишича, улар ташқарига чиққач, ичкарида ҳеч ким қолмаган деб ўйлашган. Бироқ Бобурмирзо яна бир бор хоналарни текшириш учун ичкарига кирган. Хонадон эгаси воқеадан кейинги ҳолатни ёзма равишда баён қилиб, қутқарувчининг сўнгги дақиқаларини шундай тасвирлаган:

“Бизни қутқаришга кирган ўша бола биз чиқиб бўлганимиздан кейин ҳам ичкарида ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилиш учун хоналарни яна бир бор текшириб чиқди. Ҳамма шок ҳолатида бўлгани учун биз ҳам ҳеч ким қолмади, деб ўйлагандик. Лекин у бола бунга ишонч ҳосил қилиш учун яна ичкарига кирди. Гуруҳдошлари ҳам эшикларни очиб, унга ёрдам бериб туришган эди. Қайтиб чиқаётганида эса том қулаб, унинг устини босиб қолди. Кўпчилик уни кўрди ва дарҳол чиқаришга ҳаракат қилди. Тахминан 10–15 дақиқа давомида уни чиқариш учун 40–45 нафар қўшни йиғилди. Ҳамма имкон қадар девор ва қулаган қисмларни ковлади. Охир-оқибат уни олиб чиқишди. Тез ёрдам олиб кетаётганида у ҳали тирик эди. Мен у боланинг юзини айнан кўрмаганман. Фақат йиқилганини кўриб, қутқариб олишармикан, деб жуда хавотирга тушдим. Ҳозир ҳам қаттиқ шокдамиз. Бу шунчаки унутилиб кетадиган хабар эмас. Тўғриси, бизга ёрдам бераётган чоғида бундай ҳолат юз берганидан жуда афсусдаман. Оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдираман”, — дейди уй эгаси афсусланиб.

Ёнғин хонадон атрофидаги қўшниларни ҳам кўчага олиб чиққан. Улар қисқа вақт ичида бутун ҳудуд тутунга тўлганини, қутқарувчилар эса ёнғинни бошқа хонадонларга ўтишидан сақлашга ҳаракат қилганини айтади.

“Ёнғин бўлаётганини ташқаридан кўрдик, кейин югуриб чиқдик. Қўшнилар ҳам чиқди. Шундан кейин қутқарувчилар келишди. Ҳамма ёқ тутун бўлиб кетди, бизнинг уйимиз, кўчалар ҳам тутун бўлди. Қутқарувчилар келиб, ёнғинни ўчириш билан бирга қўшниларнинг уйларини ҳам асраб қолишди. Яхши йигит экан. Ўз жонини бериб, ўша ерга кирди. Бу — жасорат”.