10 май куни Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати ва Одесса шаҳар кенгаши сўнгги ракета зарбалари оқибатлари акс этган фотоларни эълон қилди.

Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, сўнгги ракеталар Одесса районининг Фонтанка қишлоғидаги савдо марказига, шунингдек Суворов районидаги учта омборхонага келиб тушган. Омборхонада бир киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган. Фонтанкада уч киши тан жароҳати олган. Ўт ўчирувчилар ярим тунда оловни ўчиришган.

Украина қуролли кучларининг «Жануб» оператив қўмондонлиги хабар беришича, россиялик ҳарбийлар Одессага авиациядан фойдаланган ҳолда зарба берган. Сўнгги ҳужум вақтида жами еттита ракета учирилган.

T.ME/ODESACITYOFFICIAL

Украина қуролли кучлари россиялик ҳарбийлар нисбатан эскирган, яъни нишонга аниқ бормайдиган ракеталардан фойдалангани, бу зарбалардан мақсад «ҳудуддаги инфратузилма объектлари ва фуқароларга психологик босим ўтказиш» бўлганини маълум қилди.

Россия мудофаа вазирлиги феврал ойидан буён зарбалар нишони ҳарбий инфратузилмалар, рақибнинг «жонли кучлари», шунингдек Украина томонида уруш қилиш учун келган хорижлик жангчилар эканини айтиб келади. Россия ҳарбийлари 9 май тунида Одессага берилган зарбалар юзасидан изоҳ бермади, Украина томони душанба куни куннинг биринчи ярмида Одесса областига Қримда жойлашган «Бастион» ракета мажмуасидан «Оникс» типидаги тўртта ракета инфратузилма объектлари томон учирилганини маълум қилганди. Россия ҳарбийларининг бу ҳужумлари нишони Одесса области Арциз аҳоли пунктидаги майдонда турган украин вертолётлари бўлгани айтилган.

9 май куни кундузи «Жануб» қўмондонлиги Одесса области ҳудудига навбатдаги ҳужумлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Ту-22 бомбардимончи самолётидан учта «Кинжал» русумли ракеталар учирилган. Россия мудофаа вазирлиги бу ҳужум бўйича ҳам изоҳ бермаган.

T.ME/ODESACITYOFFICIAL

Бу зарба йўлланган вақтда Одессага Европа кенгаши раисининг ташрифи амалга оширилаётганди.

«Одесса ҳудуди россияликлар ракеталари билан деярли ҳар куни ўққа тутилмоқда, бугун мен ва Шарл Мишелнинг ташрифимиз вақтида ҳам ҳужум қилинди», деган Украина бош вазири Денис Шмигал.