Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Қуролли кучларига Россия ҳудудига узоқ масофали учувчисиз учиш қурилмалари билан зарбалар сонини кунига 1000 тага етказиш вазифасини қўйди. Бу ҳақда у 28 август куни Telegram орқали эълон қилинган видеомурожаатида маълум қилди.
Зеленскийнинг айтишича, у Олий бош қўмондон ставкаси йиғилишини ўтказган. Йиғилишда асосий эътибор Россия Қуролли кучларининг Украинага зарбаларидан ҳимояланиш учун қурол-яроғ ишлаб чиқариш ҳажмини максимал даражада оширишга қаратилган.
Хусусан, реактив Shahed дронларидан ҳимояланиш имкониятларини кучайтириш ҳамда Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар частотасини янада ошириш масалалари муҳокама қилинган.
«Вазифа — Россияга кунига мингта дрон билан узоқ масофали “санкциялар”. Ҳозир бундай узоқ масофали “санкцияларимиз” кунига ўртача 300 тадан ортиқ. Бу кўпроқ бўлиши керак», — деди Зеленский.
Украина президенти бу «мутлақо аниқ мақсад» эканини таъкидлаб, Киев ушбу вазифани бажаришини билдирди.
Киевга Москвадаги учрашувлар ҳақида маълумот берилган
Зеленский видеомурожаатида АҚШ томони Киевни сўнгги кунларда Москвада бўлиб ўтган учрашувлар ҳақида хабардор қилганини ҳам маълум қилди.
«Маълумот ва Россия билан мулоқотдаги зарур оҳанг учун миннатдорман. Биз қадамларнинг мувофиқлаштирилаётганини ва Америка нима қилиш кераклиги бўйича мутлақо реалистик қарашни илгари сураётганини қадрлаймиз», — деди у.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия урушни тугатиши ва бунинг учун зарур шароитлар яратилиши керак.
МРБ раҳбари Москвага борган эди
Бундан аввал, 25 август куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Рэтклифф эълон қилинмаган ташриф билан Москвага боргани хабар қилинган.
Кейинроқ АҚШ президенти Доналд Трамп радио орқали берган интервюсида ушбу ташрифни «ярим одатий» деб атаган ва Украинадаги уруш тугашини исташини яна бир бор билдирган.
«Биз Украина билан уруш тугашини истардик», — деган Трамп.





