Трабер 27 август куни кечқурун «Лефортово»дан озод қилинган ва ўзи ҳибсга олингунга қадар яшаган Санкт-Петербургга йўл олган. Бу ҳақда Петербургнинг «Фонтанка» нашри хабар берди. Маълумотни ТАСС агентлиги ҳам ўз манбасига таяниб Vlad Karkov/IMAGO/ZUMA Wire.

«Фонтанка» маълумотига кўра, Траберга нисбатан жиноят ишини олиб бораётган терговчи уни ҳибсдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Бунга 75 ёшли айбланувчининг соғлиғи кескин ёмонлашгани сабаб бўлган.

Нашр Трабер тахминан соат 19:00 да «Лефортово»ни тарк этганини маълум қилди. Айни пайтда журналистлар унинг озод қилиниши жиноят иши тугатилганини англатмаслигига урғу берган.

Трабер 17 июндан бери ҳибсда эди

Москва Басман суди 17 июн куни Иля Траберни икки ойга ҳибсга олган. 13 августда эса унинг ҳибс муддати яна икки ойга узайтирилган эди.

Тадбиркорга Россия Жиноят кодексининг уюшган гуруҳ томонидан ғаразли мақсадларда қотиллик содир этиш ҳамда уюшган гуруҳ таркибида қурол-яроғнинг ноқонуний муомаласига оид моддалари бўйича айблов қўйилган.

Жиноят иши 2020 йил кузида Ленинград вилояти Виборг районидаги муниципал тузилма депутати Александр Петровнинг ўлдирилиши билан боғлиқ.

Тергов маълумотларига кўра, Петров Виборг яқинидаги коттежи ҳудудида бўлган вақтда дарёнинг қарама-қарши қирғоғидан ўқ узилиб, ўлдирилган. Ушбу иш доирасида жами тўрт нафар шахс қўлга олинган.

ОАВ Траберни жиноий доиралар билан боғлайди

Иля Трабернинг бизнес манфаатлари Санкт-Петербургдаги портлар билан боғлиқ. У 1990-йилларда шаҳардаги йирик антиквариат савдогарларидан бири бўлган, шунингдек, «Петербург нефт терминали» компаниясини назорат қилган.

Ўша йилларда Трабер Санкт-Петербург мэриясида ишлаган Владимир Путин билан таниш бўлгани ҳам қайд этилади. Шу муносабат билан айрим ОАВ уни «Путиннинг дўсти» деб атайди.

Россия ва хорижий ОАВ Траберни жиноий доиралар билан ҳам боғлаб келади. 2016 йилда Испания уни «рус мафияси»га оид иш доирасида қидирувга берган.

2018 йилда эса Трабер уни «Тамбов жиноий гуруҳи» аъзоси деб атагани учун «Дождь» телеканали устидан судга мурожаат қилган. Телеканал сюжети Трабернинг Россия шимоли-ғарбидаги портлардаги бизнеси ва унинг тадбиркор Николай Шамалов билан ҳамкорлиги ҳақида эди.