Россия тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолгани баҳонасида, Украинага зарбаларни кучайтиришга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашрининг Кремлга яқин манбалари хабар берди.
Агентлик суҳбатдошлари қуйидагиларни сўзлаб берди:
Россия Киевга, жумладан, Украина пойтахти марказига, шунингдек, мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги инфратузилма объектларига оддий баллистик ракеталар билан зарбаларни кучайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Россия президенти Владимир Путин иқтисодий санкциялар ва Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда логистикасига бераётган зарбалари босими остида урушни тўхтатмайди.
Москва Украина зарбаларини тобора кўпроқ НАТО давлатларининг ҳужумлари сифатида баҳоламоқда, чунки альянсга аъзо мамлакатлар Киевга қурол-яроғ ва разведка маълумотларини етказиб бермоқда.
Тинчлик музокараларининг барча механизмлари барбод бўлди, оқибатда ҳар икки урушаётган томон дастлабки нуқтага қайтди. Кремль уруш давомида аллақачон ён босганини ва бу ён беришларнинг ҳар бири Россия позициясини заифлаштирганини даъво қилмоқда. Дипломатик алоқалар мавжуд бўлмаган шароитда Москва Россияга ўз ҳарбий мақсадларига эришиш имконини берадиган можарони янада кучайтиришдан бошқа муқобил йўлларни кўрмаяпти.
Украина зарбаларининг шиддати ортгани сабабли россиялик амалдорларнинг тобора кўпроғи Путин охир-оқибат кескин чорага — Украинада тактик ядро қуролини қўллашга ўтиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Bloomberg нашрининг қайд этишича, Россиянинг Украинада тактик ядро қуролини қўллашга тайёрланаётганига ишора қилувчи ҳеч қандай аломат йўқ. Илгари Россия Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчиларини қўрқитишга уриниб, бир неча бор ядровий таҳдидларни қилган.
Берлиндаги Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Карнеги маркази директори Александр Габуев нашрга берган изоҳида Москванинг тактик ядро қуролини қўллаш хавфи ўта паст даражада қолаётганини таъкидлади.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар шу ҳақдаги сўровига жавоб бермади.









