Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланади.
Маданият вазирлиги томонидан 2019-2020 йиллар давомида 10та (қиймати 50 млрд сўмдан ортиқ бўлган) маданият муассасалари давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига берилган.
Белгилаб қўйилишича:
Маданият вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари билан тузилган ва битим тузиш жараёнида бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳа битимлари ўрнатилган тартибда маҳаллий ижро этувчи ҳокимликларга топширилади ҳамда давлат шериги маҳаллий ижро этувчи ҳокимликлар деб талқин қилинади;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимликлар маданият ва санъат муассасаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича белгиланган вазифалар ўрнатилган тартибда амалга оширилишини назорат қилади ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда шахсан масъул эканлиги белгиланади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
ҳар йили 1 февралга қадар давлат-хусусий шериклик шартларида маданият ва санъат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини аниқлаб, уларнинг тасдиқланган рўйхатларини Маданият вазирлигига тақдим этади;
давлат-хусусий шериклик асосида маданият ва санъат муассасаларини қурилиши белгиланган ҳудудларда барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва бошқалар) билан таъминлайди.













