Бу иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган президент фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини электрон онлайн аукцион орқали сотиш тартибига қатор ўзгартишлар киритилади.

Хусусан, электрон онлайн аукционларда ҳар бир аукцион қадами сотувга қўйилган объект бошланғич нархининг 1 фоизи миқдорида белгиланади.

Такрорий савдоларда эса фақат битта талабгордан ариза келиб тушса ҳам, савдо натижасиз деб топилиб қолмайди. Ягона талабгорга лотни ушбу савдода эълон қилинган нархда ихтиёрий равишда сотиб олиш таклиф этилади.

Шунингдек, электрон онлайн аукцион ва танлов савдолари ҳақидаги хабарномаларни олдиндан эълон қилиш муддати икки баравар қисқартирилади.

Амалдаги 30 кунлик муддат 15 кунга, такрорий савдолардаги 10 кунлик муддат эса 5 кунга туширилади. Бу давлат активларини савдога чиқариш ва реализация қилиш жараёнини тезлаштириш имконини беради.

Сотилмаган активлар «гибрид аукцион»га чиқарилади

Фармон билан уч ой давомида сотилмаган давлат активларини реализация қилишнинг янги механизми ҳам жорий этилади.

Бундай активларни электрон онлайн аукцион ва танлов савдоларида англо-голланд моделидаги «гибрид аукцион» асосида сотишга рухсат берилади.

Бунда такрорий аукцион объектнинг бошланғич баҳосидан бошланади. Дастлаб савдо давомида нарх ҳар бир қадамда 2 фоиздан пасайтириб борилади.

Харидорлардан бири активни сотиб олиш истагини билдирганидан кейин жараён тескари йўналишда давом этади: талабгор таклиф билдирган нарх янги бошланғич нуқта сифатида олиниб, кейинги таклифлар нархни ошириб бориш тартибида қабул қилинади.

Шу тариқа, дастлаб харидор пайдо бўлгунга қадар нарх босқичма-босқич пасайтирилади, талаб пайдо бўлгач эса актив энг юқори нархни таклиф қилган иштирокчига сотилиши мумкин бўлади.

Хусусийлаштирилаётган корхона фойдаси бўйича ҳам янги қоида

Фармонда давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришга оид яна бир тартиб белгиланган.

Музокараларга оммавий таклиф қилиш усулида хусусийлаштириш жараёни бошланган давлат иштирокидаги корхона бўйича инвестордан нарх таклифи келиб тушганидан кейин корхонанинг соф фойдаси, агар у баҳолашда инобатга олинган бўлса, корхона ихтиёрида қолдирилади.