Бу президент фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2030 йил 1 январга қадар қарздорлик эвазига тижорат банклари балансига олинган ҳамда банклар муассислигидаги инвестиция компаниялари балансида турган кўчмас мулк объектларига нисбатан қатор солиқ имтиёзлари амал қилади.

Хусусан, бундай кўчмас мулкни ўз балансига қабул қилаётган тижорат банклари мол-мулк ва ер солиғидан 6 ой муддатга озод қилинади.

Банклар муассислигидаги инвестиция компаниялари учун ушбу имтиёз мол-мулк балансга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

Шунингдек, мазкур кўчмас мулк объектларини тўлиқ қийматини тўлаган ҳолда сотиб олган харидорлар ҳам 12 ой муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўламайди.

Яна бир имтиёз қарздорнинг мол-мулкни банкка ихтиёрий топшириши билан боғлиқ. Агар юридик шахс қарздорлик эвазига мол-мулкдан воз кечиш тўғрисидаги шартнома асосида ўз мулкини тижорат банкига ихтиёрий равишда топширса, ушбу юридик шахс ҚҚС тўлашдан озод этилади.

Тижорат банклари балансига қарздорлик эвазига қабул қилинган мол-мулкни бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишда ҳам ҚҚСни ҳисоблашнинг алоҳида тартиби жорий қилинади. Бунда ҚҚС мол-мулкнинг тўлиқ сотиш қийматидан эмас, балки унинг сотиш қиймати билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.

Мол-мулкни тўғридан тўғри сотиш мумкин бўлади

Қарздорликни суддан ташқари тартибда ундиришни рағбатлантириш учун давлат иштирокидаги банкларга қўшимча имкониятлар ҳам берилади.

Қарздор мол-мулкидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги шартнома асосида давлат иштирокидаги банкка берилган мол-мулкни бозор қийматида тўғридан тўғри сотишга рухсат этилади.

Бундай мол-мулкни фақат бир йўла тўлов асосида эмас, балки кредитга, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан, лизинг орқали ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар асосида ҳам реализация қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, гаровдаги мол-мулкни банкка ўтказиш жараёнини енгиллаштириш назарда тутилган.

Мол-мулк банкка берилаётганда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик сабабли солиқ органлари ёки Мажбурий ижро бюроси томонидан қўйилган тақиқлар мавжуд бўлса ҳам, нотариусларга тегишли нотариал битимларни амалга ошириш ваколати берилади.