Москва суди Навалнийнинг энг яқин тарафдорларини сиртдан ҳибсга олди
Любов Соболь, Вячеслав Гимади, Леонид Волков ва Иван Жданов «Россия ҳудудида қўлга олинган пайтдан ёки Россия ҳудудига экстрадиция қилинган пайтдан бошлаб» икки ой муддатга қамоққа олиниши керак.
Москванинг Басманний суди Алексей Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди собиқ адвокатлари Любов Соболь ва Вячеслав Гимадини экстремистик ҳамжамият яратишда айблаб, сиртдан ҳибсга олди.
Суд матбуот котибининг 19 май, пайшанба куни «Интерфакс» ахборот агентлигига маълум қилишича, иккала айбланувчи ҳам «Россия ҳудудида қўлга олинган ёки Россия ҳудудига экстрадиция қилинган пайтдан бошлаб» икки ой муддатга ҳибсга олиниши керак.
Унинг сўзларига кўра, аввалроқ «Навалний штабларининг» собиқ раҳбари Леонид Волков ва Коррупцияга қарши кураш фонди собиқ директори Иван Жданов ҳам сиртдан ҳибсга олинган.
Иван Ждановга экстремистик ҳамжамиятни яратиш ва унга раҳбарлик қилиш, фаолияти фуқароларни фуқаролик бурчларини бажаришдан бош тортиш ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга ундаш билан боғлиқ бўлган нотижорат ташкилот (жумладан, чет эл агенти функцияларини бажарадиган нотижорат ташкилот) тузиш айблови қўйилган.
Шунингдек, у тўртта ҳолатда ўта йирик фирибгарлик содир этганликда гумонланмоқда.
Айбланувчиларнинг барчаси Россияни анча олдин тарк этган ва халқаро қидирувга берилган. Тақдим этилган моддаларга кўра, уларни 12 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.
2021 йил июнь ойида Москва шаҳар суди россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг фондлари ва унинг ҳудудлардаги тарафдорлари штаблари тармоғини экстремистик ташкилотлар деб тан олди.
Навалнийнинг ўзи Владимир областидаги колонияда фирибгарлик бўйича жиноий иш бўйича жазо муддатини ўтамоқда. У бошқа иш бўйича ҳам қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Агар қарор бекор қилинмаса, сиёсатчи қаттиқ режимдаги колонияга ўтказилади.
Мавзуга оид
11:47 / 13.11.2024
Москвада чақирилувчиларга Россиядан чиқиб кетиш тақиқлангани ҳақида хабар берилди
21:37 / 12.11.2024
Португалияда Алексей Навалний мемориали очилди. У Россия элчихонаси яқинида жойлашган
19:24 / 27.10.2024
Москвада хорижлик мигрантлар учун патент нархи қарийб 20 фоизга ошади
12:56 / 25.10.2024