Вазирлик 26 октябр куни кечқурун чекловлар Москванинг Учинчи транспорт ҳалқаси ичидаги ҳудудларга тааллуқли эканини маълум қилди.
Мобиль интернет қуйидаги вақтлардан бошлаб узилиши мумкин:
27 ва 28 октябр — Москва вақти билан соат 11:30 дан;
29 октябр — соат 09:30 дан кун давомида.
Бу кунларда Россия пойтахтида иккита халқаро тадбир ўтказилади. 27 октябрда Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форуми саммити, 28–29 октябрда эса «Россия — Африка» саммити бўлиб ўтиши белгиланган.
Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форумида Эрон ва Экваториал Гвинея президентлари, Қатар амири ҳамда Ливия Президентлик кенгаши раиси қатнашиши кутилмоқда. Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригеснинг видеомулоқот орқали иштироки режалаштирилган.
«Россия — Африка» саммитига Африканинг қарийб 50 давлатидан вакиллар келади. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Владимир Путин айрим давлатлар раҳбарлари билан 20 га яқин икки томонлама учрашув ўтказмоқчи.
The Moscow Times нашри эслатишича, март ойида ҳам Москва марказида мобил интернет икки ҳафтадан ортиқ ишламаган. Ўшанда Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков буни хавфсизликни таъминлаш зарурати билан изоҳлаган.
«Коммерсант» маълумотига кўра, ўша узилишлардан кўрилган зарар кунига қарийб 1 миллиард рублни ташкил этган.
Россия расмийлари аввалги интернет чекловларини Украина дронлари ҳужумларига қарши чоралар билан ҳам изоҳлаган. 23 октябрдаги ҳужум пайтида Москва атрофидаги тўрт аэропорт иши вақтинча тўхтатилган эди.

















