Биринчи видеомизда – Тошкент марказида жойлашган, 130 квадрат метр майдонга эга, хариди, таъмири ва жиҳозлаши жами 300 минг долларга айланган HiTech-квартира билан таништирамиз.

Кўплаб ўзбек хонадонларида ўрнатилган дарвозалар, ҳовлидаги устунлар, шифтдаги декорациялар, девордаги гулқоғозлар, полдаги гиламлар, хоналардаги мебеллар, дастурхондаги идишлар ва ҳоказоларни бирлаштириб турувчи бир элемент бор: яққол кўзга ташланиб турувчи ялтироқ безаклар, ҳашамдор ва гулли нақшлар.

Охирги йилларда қурилиш ва таъмирлаш соҳасида бу жимжимадорликнинг буткул тескариси – ҳайтек ва минимализм урфга кирмоқда.

Интерьернинг бу янги йўналиши ҳар қанақа ялтир-юлтурдан холи экани, асосан европача монотон ранглар қўлланиши, сокинлик ва мукаммалликни ўзида акс эттириши, хонадон майдонидан максимал унумли фойдаланиши, энг муҳими – қиммат ва сифатли чет эл қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлатилиши билан ажралиб туради.

Ҳайтек услубида уй қуриш ё таъмирлаш одатдагидан узоқроқ вақт давом этади. Турган гапки, бу йўналишда дизайн хизматлари ҳам арзон турмайди. Хўш, шаҳар марказида жойлашган 100 кв.м.дан ошиқ хонадоннинг ҳайтек услубидаги пардозига ўртача қанча маблағ сарф қилинади?

“Inshoot”лойиҳасининг илк сони шу саволга жавоб беришни мақсад қилди. Биз Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани Марказ-4 даҳасида жойлашган “Дўстлар” турар жой мажмуасида бўлдик.

“Дўстлар” ТЖ мажмуаси “Murad Buildings” компанияси томонидан 2018 йилнинг декабр ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, ўзига хос архитектурага эга. Мажмуанинг ички ва ташқи интерьери ҳайтек йўналишида. Асосий бино 8 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватда 2 тадан хонадон жойлашган.

Биз суратга олган хонадон – 7-қаватда. Хонадонни сотиб олиш, лойиҳалаш ва таъмирлашга жами 300 000 доллар сарфланган. Умумий майдони – 130 кв.м.

Хонадон ошхона ва дам олиш хонаси умумийлаштирилган – студия, 2 та ётоқхона ва 2 та ювиниш хоналарига бўлинган. Дизайн лойиҳаси пухта тузилиб, замонавий усулда пардозланган.