Мафтуна – “Микрофон – қизларда” рукнининг навбатдаги меҳмони.
Мафтуна Бадалова – Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб битирувчиси, у яқинда Ўзбекистонда ўтказилган 56-Халқаро Менделеев олимпиадасида кумуш медални қўлга киритди.
Аввал умумтаълим мактабида ўқиган, сўнг ихтисослаштирилган мактабга имтиҳон асосида қабул қилинган Мафтуна кимёга кичик ёшидан қизиққан.
У болалигида табиатда содир бўлаётган ҳодисаларни кузатиб, дарахтлар барги нега яшиллиги, осмон нега кўклиги ҳақидаги саволларга жавоб топишга қизиққан ва аниқ фанларни яхши кўриб ўқий бошлаган.
“Ижтимоий фанлар менга эмаслигини билганман...”
Оилада 3 фарзандмиз. Яқинларим мени доим қўллаб-қувватлаган. Кичкиналигимдан опамнинг доим дарс қилишини кўрардим, унинг бўш вақти бўлмасди. Бу менга таъсир қилган деб ўйлайман. Опам каби мен ҳам вақтимни бекор ўтказмасликка ҳаракат қила бошлаганман.
Телевизор кўрсам ҳам, асосан, ҳужжатли фильмлар кўрардим. Бу фильмларни оила даврасида муҳокама ҳам қилардик.
Ижтимоий фанлар мен учун эмаслигини сезардим. Сабаби болалигимдан киришувчан эмасман, одамлар билан тез тил топишиб кета олмайман.
Бошида математика фанини яхши ўқиганман. 5-6-синфлардан бошлаб кимё, биология фанлари қўшилди. Математикам яхши бўлгани учун кимё менга яқин туюлган.

Мактаб дарслари қониқтирмаган, “self-study” қилганман
Мактаб дарсларидан унчалик кўнглим тўлмасди, ўзим мустақил ўрганишга, уй шароитида ўтказиб кўриш мумкин бўлган тажрибаларни бажариб кўришга ҳаракат қилардим. Ихтисослаштирилган мактабга ўтгач, кучли ўқитувчилардан дарс ола бошладим. Бу ердаги муҳит ҳам мени кўпроқ ўқишга ундади.
Мактабимизда кимё, биология чуқурлаштириб ўқитилади. Бошида кимёни яхши кўрсам ҳам қийналардим. Бунақа пайтда устозларнинг ҳам қўллаб-қувватлови муҳим, менимча.

















