Ўзбекистон | 11:58 / 03.06.2022
29871
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кузатилишини маълум қилди

Бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудуди республиканинг шимоли-шарқий ҳудудлари устида шаклланган юқори циклон таъсири остида бўлади.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, аксарият вилоятларда қуруқ ва шамолли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Баъзи жойларда шамол тезлиги кучайиш вақтида 18-23 м/с га етиши ва чанг-тўзонлари билан кузатилиши мумкин. 

Куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилоятида, Фарғона водийси вилоятларида, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи 25-30 даража иссиқдан ошмайди.

Эртага об-ҳавонинг беқарорлиги фақат республика шарқий ҳудудларида сақланиб туради. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда, кечаси ва эрталаб Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлади. 

Марказий ва жануби-шарқий вилоятларнинг айрим ҳудудларида баъзи жойларда чанг-тўзонлари билан шамолнинг кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 27-32 даража иссиқ атрофида бўлади.

Якшанба куни республиканинг барча ҳудудлари бўйича деярли қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлади. Фақат айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Кундузи ҳарорат 33-35 даража иссиққача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 36-37 даража иссиққача кўтарилади.

3-4 июнда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Мавзуга оид