Жамият | 11:19 / 08.06.2022
35464
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда машинадан пул ўғирлаган фарғоналик шахс «самосуд» қилинди

Деҳқон бозорида турган машинадан 650 минг сўм пулни ўғирлаган шахсни бир неча киши самосуд қилиб, дўппослаган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида жойлашган бозорда ёши кекса одам бир гуруҳ фуқаролар томонидан калтаклангани тасвирланган видео тарқалди. Ҳолатга Қашқадарё вилояти ИИБ муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда одамлар томонидан дўппосланган шахс Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи, муқаддам судланган Р.Ш. экани аниқланган.

Унга нисбатан жорий йил 6 июнь куни Чироқчи туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Кўкдала тумани “Каттақишлоқ озиқ-овқат деҳқон” бозорида турган Cobalt машинасидан 650 минг сўм пул ўғирлангани ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ҳозирда самосуд ҳолати бўйича ички ишлар органлари ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади муносабатда.

Аввалроқ Жиззахда фуқарони «самосуд» қилиб ечинтирган ва ҳолатни видеога олган шахслар ушланганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид