Урганчда ҳайдовчи пичоқлаб ўлдирилди. 8 кишига эҳтиёт чораси қўлланган
Жорий йил 2 июнь куни Урганчда «Cobalt» ҳайдовчиси пичоқлаб кетилгани бўйича жиноят иши қўзғатилган ҳамда Хоразм вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган.
Шунингдек, қолган 7 нафар шахсга Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан айб эълон қилиниб, 1 нафарига «қамоққа олиш» ва 6 нафарига «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» эҳтиёт чоралари қўлланган.
Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Урганчда 8 нафар шахс «Cobalt» ҳайдовчисини пичоқлаб кетгани ва жабрланувчи воқеа жойида вафот этгани ҳақида видеоёзувлар тарқалган эди.